Эроннинг бу нонкўрлигига “темир мушт” билан жавоб берамиз – Алиев
Олам
−
05 Март 3039 4 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахечивонга қилган ҳужумуни “нонкўрлик” сифатида баҳолаб, бу тажовузга “темир мушт” билан жавоб қайтаришини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 5 март куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишда сўз очди.
Бугун, 5 март куни Эрон томонидан Озарбайжон ҳудудидаги Нахечивон халқаро аэропорти, унинг терминал биноси, мактаб ва бошқа турар жойлар каби фуқаролик объектлари ҳужумга учради. Озарбайжон ҳукумати Эрон расмийларидан изоҳ берилишини, узр сўралиши ва содир этганларни жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилди.
Алиев бундай душманона воқеалар аввал ҳам Эрон тарафидан бир неча бор содир этилганини айтди.
“Барчамиз яхши эслаймизки, бундан олдин Эрон махсус хизмат органлари томонидан йўналтирилган шахс Теҳрондаги Озарбайжон элчихонасига террор ҳужуми уюштирганди. Ушбу қонли воқеада бир фуқаро ҳалок бўлган, яна бир фуқаро оғир жароҳат олган эди. 40 дақиқа давом бу ҳужумда Эрондан ҳеч қандай хавфсизлик ёки полиция вакили элчихонага келишни лозим кўрмади. Бу буйруқ Эроннинг энг юқори раҳбар қатламларидан берилганини ҳам биламиз. Ўша вақтда Озарбайжон бу воқега жуда кескин жавоб берган. Озарбайжон ўз элчихонасини Эрон ҳудудидан эвакуация қилиб, дипломатик алоқаларни тўхтатганди. Эрон томонини узр сўрашга, айбини тан олишга мажбур қилинганди. Шунингдек, террорчини Эрон давлати мажбур бўлиб, Озарбайжон вакиллари олдида қатл этди”, дейди Алиев.
Бугунги мазкур ҳодисда ортидан эса давлат раҳбари Озарбайжон Қуролли кучлари таркибида биринчи даражали сафарбарликни эълон қилди.
“Ҳа, ўтган йилнинг ёз ойларида ва ундан кейин Эрон бизга асоссиз айбловлар қўйган. Эрон давлат органлари назоратидаги медиа ресурслари Озарбайжонни обрўсизлантириш мақсадида кампания олиб борган. Улар яхши биладики, ҳозирги мустақил Озарбайжон Эрон ҳудудида яшовчи кўплаб озарбайжонликлар учун умид манбаидир. Уларга Озарбайжонни обрўсизлантириш ва ёмон кўрсатиш мақсади бўлган”, деган Президент йиғилишдаги нутқида.
Шунингдек, у Озарбайжон Эрон ҳудудига қарши ҳеч қандай операцияга қўл урмаганини, бундан кейин ҳам қўл урмаслигини айтган.
“Бизнинг сиёсатимиз шундан иборат: қўшни давлатларга қарши операция қилишга қизиқишимиз йўқ ва сиёсатимиз бунга имкон бермайди. Биз ўз ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоя қиламиз ва ҳимоя қилиб келмоқдамиз, худди Арманистон ҳужумини тўхтатганимиз каби. Ҳар қандай ёмон ниятли кучга қарши ўз қудратимизни намойиш этишга тайёрмиз ва Эрон буни унутмасин. Уларнинг бу террористик ҳаракати, бошқа жирканч ҳаракатлар билан бирга, нонкўрлик намунасидир”, дейди Алиев.
Алиев шахсан Эрон элчихонасига бориб, Хоманаий вафоти муносабати билан таъзия билдирганини, бошқа ҳеч бир давлат раҳбари Эрон элчихонасига бормагани таъкидлаган.
“Улар бизнинг қудратимизни синамасинлар. Бизнинг қудратимизни синашга уринганларнинг бошига “темир мушт” билан зарба берамиз. Бугунги воқеа ҳам бундан мустасно эмас”, дея таъкидлаган.
Шунингдек, Алиев Эрон томони расмий Бакуга қўнғироқ қилиб ёрдам истаганини ва керакли ёрдамни берганини айтган.
“Бугун эрталаб менга маълум қилиндики, Эрон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ливанда қолган Эрон элчихонаси ходимларини эвакуация қилишда Бакуга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўради. Мен дарҳол самолёт жўнатилиши ҳақида кўрсатма бердим. Ҳозир қийин дамда ёрдам бермасак, қачон ёрдам берамиз, дея ҳаражатлқрни қоплашига йўл қўймадик. Барча бу воқеаларга қарамай, Нахичевонга қилинган зарба уларнинг жирканч юзидан ҳеч қачон ўчмайди. Озарбайжон халқига ишонч билдиришимиз мумкинки, ҳар қандай ёвуз ниятли кучга қарши бизнинг темир муштимизни улар, албатта, кўради”, деган Алиев нутқининг сўнгида.
Эроннинг Озарбайжонга ҳужуми
Бугун, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.
Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган.
Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Эроннинг Нахичевон Мухтор Республикасидаги аэропортга қилган ҳужуми жавобсиз қолмаслигини билдирган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирган.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик деб атади ва бунинг учун узр сўраши кераклигини айтган.
Live
Барчаси