Эрдўған Эроннинг Озарбайжонга қилган ҳужумини қоралади (видео)

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эроннинг Озарбайжонга қилган ҳужумларини қатъий қоралади. Бу ҳақда у кеча, 5 март куни ҳунармандлар ва тадбиркорлар билан ифторлик доирасидаги учрашувда сўз очди.

Давлат раҳбари Алиев билан суҳбатлашганини ва бу ҳужумдан чуқур афсусда эканини билдирган.

“Биз Илҳом Алиев билан телефон орқали суҳбатлашдик. Илҳом қардошимга Нахичевон нишонга олинган ҳужумдан чуқур афсусда эканимизни ва бу ҳужумни қатъий қоралашимизни билдирдим”, дейди Президент.

Шунингдек, у бу каби кескин низоларнинг олдини олиш учун ҳаракат қилинаётганини ва буни уддалашини айтган.

“Минтақамизда яна қон тўкилмаслиги, яна бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмаслиги ҳамда кескинлик кучайиб, қайтиб бўлмайдиган даражага етиб бормаслиги учун олиб бораётган кўп қиррали дипломатик саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Ҳеч ким хавотир олмасин. Аллоҳнинг изни билан Туркия бу минтақавий кескинликдан ҳам муваффақият билан чиқади”, дейди Эрдўған.

Маълумот ўрнида, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан кеча, 5 март куни телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбат давомида давлат раҳбарлари Нахичевон Мухтор Республикасига уюштирилган ҳужумни муҳокама қилган.

Президент Эрдўған учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида амалга оширилган ҳужумни қоралаб, Президент Алиевга ҳамда қардош Озарбайжон халқига ҳамдардлигини билдирган.

Эроннинг Озарбайжонга ҳужуми

Бугун, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.

Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.  

Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган. 

Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Эроннинг Нахичевон Мухтор Республикасидаги аэропортга қилган ҳужуми жавобсиз қолмаслигини билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирган.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик деб атади ва бунинг учун узр сўраши кераклигини айтган. Шунингдек, у Эроннинг Нахечивонга қилган ҳужумуни “нонкўрлик” сифатида баҳолаб, бу тажовузга “темир мушт” билан жавоб қайтаришини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Озарбайжон Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг