Эрон Хитойдан катта миқдорда ҳаво мудофаа мажмуаларини сотиб олади – ОАВ
Олам
−
09:17 4383 2 дақиқа
Эрон АҚШ билан урушдан кейин ҳаво мудофаа тизимини қайта тиклаш мақсадида яқин ҳафталар ичида Хитойда ишлаб чиқарилган елкада олиб юриладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуаларининг илк партиясини қабул қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, қиймати 60–70 миллион долларга баҳоланаётган шартнома 300–400 дона MANPADS туридаги ҳаво мудофаа мажмуаларини, жумладан QW-12 ва FN-16 русумларини харид қилишни назарда тутади. Бу Теҳроннинг АҚШ ва Исроил билан уруш бошланганидан бери қисқа масофали ҳаво мудофаасини кучайтириш бўйича амалга оширган энг йирик ташаббусларидан бири ҳисобланади.
Маълум қилинишича, шартнома Гонконгда рўйхатдан ўтган Zhongqing Baoshang International Investment компанияси орқали тузилган бўлиб, у Эрон томони билан хитойлик етказиб берувчи ўртасида воситачи сифатида қатнашган.
Агентлик суҳбатлашган манбаларнинг айтишича, АҚШ ва Исроилнинг ракета, дрон ва ҳаво мудофааси дастурлари билан боғлиқ объектларга берган зарбалари Эроннинг ҳарбий инфратузилмани ҳимоя қилишдаги камчиликларини очиб берган. Шу боис мамлакат қуролланишни қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу хабар юзасидан изоҳ бермаган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса маълумотларни рад этиб, “тегишли хабарлар мутлақо асоссиз” эканини билдирган ҳамда Пекин можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлаган.
Манбаларнинг қайд этишича, шартнома имзоланган бўлса-да, етказиб бериш муддати, аниқ миқдори ва бошқа техник жиҳатлар ҳали ўзгариши мумкин. Дастлабки режага кўра, қуроллар Хитойнинг Урумчи шаҳридан жўнатилади ва Покистон орқали Эронга етказилади. Бироқ ташиш ҳаво ёки қуруқлик орқали амалга оширилишига аниқлик киритилмаган.
Покистон армиясининг жамоатчилик билан алоқалар хизмати (ISPR) мамлакат Хитойдан Эронга ҳаво мудофаа қуролларини етказиб беришда иштирок этаётгани ҳақидаги маълумотларни “бутунлай тўқима ва ёлғон” деб атаган.
Ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, MANPADS туридаги тизимлар кичик гуруҳлар томонидан тез жойлаштирилиши ва осон кўчирилиши мумкинлиги сабабли стационар ҳаво мудофаа батареяларига нисбатан аниқ нишонли ҳужумларга камроқ мойил бўлади.
“Reuters” манбаларига кўра, Эрон QW-12, QW-18 ва QW-19 туридаги мажмуаларни сотиб олиш имкониятларини ҳам ўрганган. Шунингдек, Теҳрон Хитой ҳарбий маҳсулотлари ва икки хил мақсадда фойдаланилиши мумкин бўлган бутловчи қисмларни етказиш учун қуруқлик йўналишларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан давом этаётган можаронинг кейинги ривожи бўйича 3 та вариантни муҳокама қилаётгани хабар берилганди.
Live
Барчаси