Эрон Исроилга зарба берди. Ҳозиргача нималар маълум?
Олам
−
14 Апрель
23883Эрон бугун, 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга юздан ортиқ учувчисиз дрон ва ўнлаб ракеталарни учирди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, CNN хабар берди.
Дастлаб, дрон ҳужуми ҳақида хабар берилган эди (уларга Эрондан Исроилга учиш учун бир неча соат керак бўлади), кейин Эрон қанотли ракеталарни учиргани маълум бўлди (улар учиш учун бир ярим-икки соат вақт кетади). АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриэн Уотсоннинг айтишича, Вашингтон ҳужум "бир неча соат давом этишини" тахмин қилган.
Эрон давлат матбуоти ҳужумни деярли дарҳол тасдиқлади.
“Сионист режимнинг Эроннинг Дамашқдаги элчихонасининг консуллик бўлимига ҳужум қилган жиноятига жавобан, Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси ҳаво кучлари ўнлаб учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан сионистик режим ҳудудларидаги аниқ нишонларга зарба берди”, дейилади давлат телевидениеси баёнотида.
IRNA ахборот агентлиги манбасига таяниб, дрон ва қанотли ракеталардан ташқари баллистик ракеталар ҳам учирилганини хабар қилди, бироқ бу маълумот бошқа манбалар томонидан тасдиқланмади.
ЦАХАЛ матбуот котиби Даниэль Ҳагарининг айтишича, Эрон Исроилга учувчисиз самолётлар, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилган. Унга кўра, 200 дан ортиқ ракета ва дрон учирилган.
АҚШ кучлари томонидан Исроил чегараларидан ташқарида ўнлаб учувчисиз самолётлар ушланган. Бундан ташқари, маҳаллий ОАВ манбаларига кўра, дронлар Иордания ҳаво кучлари самолётлари томонидан ҳам тутиб олинган. Шу билан бирга, учувчисиз самолётларнинг бир қисми охир-оқибат Исроилга учиб кетган ва бу ҳаво ҳужуми сиреналарини ишга туширилишига олиб келган. Қуддус, шимолий ва жанубий Исроил, Негев, Шомрон ва Ўлик денгизда ҳаво ҳужуми сиреналари янгради.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳужумдан сўнг дарҳол халққа мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, Исроил узоқ йиллардан буён Эрондан тўғридан-тўғри ҳужумга тайёргарлик кўрган ва ҳозирда барча мудофаа тизимлари жойлаштирилган ва ҳукумат "ҳар қандай сценарийга, ҳам мудофаа, ҳам ҳужумга тайёр".
CNN хабарига кўра, уриб туширилган учувчисиз самолётлардан ҳосил бўлган осмондаги чақнашлар Исроил шимолидаги Ҳайфа ҳудудида, жанубдаги Беершеба ҳудудида, шунингдек, босиб олинган Голан тепаликлари ва Исроил назоратидаги Ғарбий Соҳилда кузатилган.
Аноним Исроил расмийсининг матбуотга айтишича, Эрон томонидан учирилган ракета ва учувчисиз самолётларнинг жами 99 фоизи тутиб олинган.
“Бироқ, Эрон Исроилга ўз ҳудудидан биринчи марта ҳужум қилаётгани жавобни талаб қилади ва бу тез орада амалга ошади”, деган расмий.
Исроил армияси ракета ва дронларнинг аксарияти уриб туширилганини айтаётган бир пайтда, Теҳрон улар Исроил нишонларини "муваффақиятли йўқ қилганликларини" таъкидламоқда. Исроил мамлакат жанубидаги ҳарбий базага енгил зарар етганини хабар қилди. Ўнлаб одамлар тиббий ёрдамга мурожаат қилган.
АҚШ Президенти Жо Байден дам олиш кунларини қисқартирди ва Оқ уйга қайтиб келиб, у ерда миллий хавфсизлик гуруҳи билан учрашди. Байден Қўшма Штатларнинг "Исроил хавфсизлигини Эрон ва унинг ишончли вакилларидан келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича қатъий мажбуриятини" эълон қилди.
Байденнинг айтишича, АҚШ ҳарбийлари ўтган ҳафта Исроилни қўллаб-қувватлаш учун минтақага баллистик ракеталарни тутиб олишга қодир самолёт ва кемаларни жойлаштирган. Бунинг шарофати билан Қўшма Штатлар Исроилга деярли барча дрон ва ракеталарини уриб туширишда ёрдам бера олди.
Байден бугун, 14 апрель куни Эроннинг “қўпол ҳужуми”га қўшма дипломатик жавоб чораларини мувофиқлаштириш учун “Катта еттилик” етакчилари учрашувини ўтказишга ваъда берди.
“Менинг жамоам бутун минтақадаги ҳамкасбларим билан мулоқот қилади. Ва биз Исроил раҳбарлари билан яқин алоқада бўлиб қоламиз. Бугун бизнинг кучларимиз ёки иншоотларимизга ҳужум қилинмаган бўлсада, биз барча таҳдидларга қарши ҳушёр бўлиб қоламиз ва халқимизни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришдан тортинмаймиз”, дейилади АҚШ Президенти баёнотида.
Халқаро оммавий ахборот воситалари минтақада кескинлашув тўлқини ҳақида хабар берди. AFP хабарига кўра, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроил назорати остидаги Голан тепаликларидаги Исроил казармаларига ўнлаб ракеталар отганини маълум қилган. Яман ҳусийлари ҳам Эрон билан келишилган ҳолда Исроилга бир нечта учувчисиз учоқларни учирган.
“Reuters” агентлигининг хабар беришича, Иордания ҳукумати уларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари мамлакат осмонида Эроннинг барча дронлари ва бошқа ҳаво ҳужуми қуролларини тутиб, уриб туширади.
Эроннинг БМТдаги миссияси баёноти
Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси Исроилга берилган зарба Исроилнинг Суриядаги Эрон элчихонасига ҳужумига жавобан “қонуний мудофаа” сифатида амалга оширилганини айтди.
“Эроннинг БМТ Низомининг қонуний мудофаа ҳуқуқига оид 51-моддаси асосида амалга оширган ҳарбий ҳаракати сионистик режимнинг Дамашқдаги дипломатик биноларимизга қарши тажовузига жавоб бўлди. Муаммони ҳал қилинган деб ҳисоблаш мумкин. Бироқ Исроил режими яна хатога йўл қўйса, Эроннинг жавоби анча қаттиқроқ бўлади. Бу Эрон ва жиноятчи Исроил режими ўртасидаги зиддиятдир, Қўшма Штатлар ундан узоқлашиши керак”, дейилади Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси баёнотида.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Эроннинг Исроилга ҳужуми муносабати билан бугун,14 апрель куни шошилинч йиғилиш ўтказади.
Сўнгги бир неча кундан бери Эроннинг Исроил ҳудудига тўғридан-тўғри ҳужуми кутилаётган эди. Теҳрон Исроилнинг Дамашқдаги Эрон дипломатик миссиясига уюштирган ҳужумига жавобан Исроилга зарба бериш билан таҳдид қилаётганди. Шу билан бирга, Вашингтондаги манбаларнинг хабар беришича, норасмий каналлар орқали Теҳрон жиддий кескинлашувга мойил эмаслигини ва зарба “чекланган” бўлишини аниқ билдирган.