Эрон Исроилга 100 дан ортиқ дрон учирди (видео)

Олам

image

Бугун, 13 июнь куни Исроилнинг ҳарбий ҳужумига жавобан Эрон Исроилга қарши 100 дан ортиқ Shahed-136 дронларини учирди. Бу ҳақда Исроил армияси (ЦАХАЛ) вакили, бригада генерали Эффи Дефринга таяниб, “The Times of Israel” нашри хабар берди.

Генерал Дефринга кўра, сўнгги бир неча соат ичида Эрон томонидан Исроилга қарши 100 дан ортиқ дрон жўнатилган. Ҳозирда Исроил армияси уларни уриб тушириш устида ишламоқда. Дефриннинг тушунтиришича, Эрон ҳудудидан учирилган бу дронларнинг Исроилга етиб бориши учун бир неча соат керак бўлади. 

Хусусан, маълумотларга кўра, Эрондан Исроилгача учиш вақти:

  • дронлар – 7-9 соатгача;
  • баллистик ракеталар – 12 дақиқа;
  • қанотли ракеталар – 2 соат.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Эрон дронларининг Исроил томон ҳаракатланаётгани акс этган видеолар пайдо бўлган.

Шу билан бирга, Исроилда аҳоли Эроннинг эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўрмоқда – одамлар озиқ-овқат маҳсулотлари захираси учун оммавий тарзда супермаркетларга йўл олмоқда. Бундай ҳолат, айниқса, одатда жума куни кечдан шанба кечгача ёпиқ бўладиган дўконлар фонида юз бермоқда, чунки бу вақт яҳудийларнинг “Шаббат” байрамига тўғри келади.

Бунгача Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган. Унга кўра, армия Эроннинг эҳтимолий жавоб ҳужумига тайёрланмоқда. ЦАХАЛ томонидан эълон қилинган тартибга кўра, соат 03:00 дан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб оммавий йиғилишлар, ўқиш ва ишлаб чиқариш фаолияти тақиқланади. Исроил бўйлаб хавф сигнал сиреналари янграмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эроннинг бир қатор ядро объектлари ва юқори қўмондонлик биноларига ҳужум қилганини хабар қилган эди. Ушбу ҳужум оқибатида бир қатор эронлик қўмондонлар ва ядровий тадқиқотлар бўйича олимлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Хусусан, Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал-полковник Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бош қўмондони Ҳусейн Саламий ҳамда Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний ўлдирилган бўлиши мумкин. Уларнинг ўрнига эса янги қўмондонлар тайинланган.

Бунинг ортидан энди Исроилга ракета отилиши мумкинлиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатдаги ўзбекистонликларга тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилмоқда. Эрон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларидан ҳам хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш сўралмоқда.

Шунингдек, Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир нечта рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

дрон Эрон-Исроил ЦАХАЛ Исроил Кац Shahed-136 Эффи Дефрин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг