Эрон икки французни “Моссад” учун жосусликда айблади
Олам
−
03 Июль 2025 3472 2 дақиқа
Теҳрон жосусликда гумонланиб, уч йилдан ортиқ вақтдан бери Эронда ҳибсда сақланаётган икки француз фуқароси, 40 ёшли Сесиль Колер ва унинг шериги 72 ёшли Жака Парини Исроил миллий разведка хизмати “Моссад”га ишлаганликда айблади. Бу ҳақда кеча, 2 июль гумонланувчиларга яқин одамлар ва дипломатик доиралардаги манбага таяниб, AFP агентлиги хабар берди.
Улар жосусликдан ташқари “режимни ағдаришга фитна уюштириш” ва “коррупция”да ҳам айбланмоқда. Эронда жиноятнинг ҳар бири ўлим билан жазоланади.
“Бу айбловлар, агар тасдиқланса, мутлақо асоссиздир”, дейди дипломатик манба.
Сесиль Колернинг синглисининг айтишича, судья ҳар учала айбловни ҳам эълон қилган. 1 июль куни гумонланувчиларнинг ёнига Франция элчихонасининг вақтинчалик ишлар вакили борган.
Қайд этиш жоиз, Колер ва Пари 2022 йилнинг май ойида Эронда ҳибсга олинган. Улар Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида бир кишилик камерада сақланган. 23 июнь куни Исроил қамоқхонага зарба берганидан бери уларнинг жойлашуви ошкор этилмаган.
23 июнь куни Исроилнинг Теҳрондаги Эвин қамоқхонасига уюштирган ҳужумида камида 79 киши ҳалок бўлди. Эрон суд ҳокимияти матбуот котиби Асғар Жаҳонгирнинг 29 июнь куни маълум қилишича, снарядлар қамоқхонанинг бир неча ҳудудига, жумладан, тиббиёт бўлими, муҳандислик биноси, ташриф хонаси ва суд идорасига тушган.
Жаҳонгирнинг айтишича, маҳбусларни кўргани келган оила аъзолари ҳам ҳалок бўлган ёки яраланган. Қурбонлар орасида қамоқхона ходимлари, муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар, маҳкумлар ва уларнинг оила аъзолари, яқин атрофдаги бинолар аҳолиси ҳам бор.
Суд ҳокимиятининг қўшимча қилишича, қолган маҳбуслар Теҳрон вилоятидаги бошқа қамоқхоналарга ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан гаплашиб, ундан Сесиль Колер ва Жак Парини зудлик билан озод қилишни талаб қилганди.
Live
Барчаси