Эрон FIFA’га шикоят йўллади
Спорт
−
15:20 1027 2 дақиқа
Эрон футбол федерацияси Халқаро футбол федерациясига (FIFA) АҚШ ва Исроил билан юзага келган можаро сабабли мамлакат спорт инфратузилмаси, жумладан, футбол майдонларининг вайрон бўлганини хабар қилди. Бу ҳақда ISNA хабар берди.
“Сизга чуқур афсус ва қайғу билан шуни маълум қиламизки, Эрон Ислом Республикасининг муқаддас ерига ноқонуний ҳарбий тажовуз оқибатида спорт инфратузилмасига, айниқса Эрон футболига жиддий зарар етказилди”, дейилади федерациянинг FIFA’га йўллаган хатида.
Аввалроқ, Эрон Спорт вазири Аҳмад Донямали миллий терма жамоанинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳозирги геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда имконсиз эканлигини билдирган эди. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эроннинг Жаҳон чемпионатида иштирок этиши ноўрин эканлиги ҳақидаги баёнотидан сўнг Донямали FIFA’дан турнирни АҚШда ўтказиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишни талаб қилган. Шунга қарамай, Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) бош котиби Виндсор Жон Эрон терма жамоаси ҳали ҳам Жаҳон чемпионатида иштирок этишни режалаштираётганини айтиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида Эроннинг энг йирик спорт иншоотларидан бири – Теҳрон ғарбидаги “Озоди” стадиони жиддий зарар кўрган эди.
Live
Барчаси