Машҳур “Озоди” стадиони АҚШ ва Исроил ҳужумларига учради
Спорт
−
05 Март 3703 2 дақиқа
Эроннинг энг йирик спорт иншоотларидан бири – Теҳрон ғарбидаги “Озоди” стадиони АҚШ ва Исроил ҳужумларига учради. Бу ҳақда “Iran intl” нашри хабар берди.
Қутқарувчилар маълумотига кўра, бугун, 5 март куни эрталаб содир бўлган ҳужум оқибатида стадионнинг 12 000 ўринли сектори деярли бутунлай вайрон бўлган. Шунингдек, Эрон велосипед спорти федерацияси ётоқхоналари ва федерациянинг янги биноси ҳам жиддий зарар кўрган. Мажмуадаги бошқа биноларнинг деразалари синган. Ҳозирча қурбонлар ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Қайд этиш жоиз, Яқин Шарқдаги можаро спорт мусобақалари, жумладан, футболга ҳам жиддий таъсир қилмоқда. Хусусан, бунгача Италиянинг “Интер” жамоаси собиқ футболчиси ва Эрон терма жамоасининг асосий ҳужумчиси Меҳди Тареми фаолиятини якунлаб, Эрон армиясига қўшилишга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Қатар футбол ассоциацияси АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари ҳамда минтақага жавобан учирилган ракеталар ортидан мамлакатдаги барча турнир ва учрашувларни номаълум муддатга тўхтатди. Шу сабаб Доҳада ўтказилиши режалаштирилган Испания ва Аргентина ўртасидаги Финалиссима баҳси ҳам сўроқ остида қолди.
Бундан ташқари, Эрондаги хорижликликлар, жумладан ўзбекистонлик футболчилар ҳам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлмоқда.
Live
Барчаси