Эрон-АҚШ ядровий музокаралари Уммонда бўлиб ўтади – Ароқчи

Олам

image

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эртага, 6 февраль куни Уммонда Эрон ва АҚШ ўртасида ядровий музокаралар бўлиб ўтишини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 4 февраль куни ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

Бир нечта ОАВлар Эрон-АҚШ музокаралари бекор бўлгани ҳақидаги янгиликлар тарқатганидан сўнг Ташқи ишлар вазири мазкур хабарлар нотўғри ва асоссиз эканини билдирган.

Эрон ва АҚШ музокараларни аввалроқ Туркияда ўтказиши режалаштирилган. Туркия бир ҳафта давомида томонларни музокара столига йиғишга ҳаракат қилган. Бироқ, учрашув жойи Эроннинг талаби билан Уммонга кўчирилган. Жойнинг ўзгариши Эрон музокараларни фақат АҚШ билан икки томонлама тор форматда ўтказишга интилаётганини кўрсатади.

Жорий йилнинг 3 февраль куни АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Арабистон денгизида Америка авиаташувчисига яқинлашган Эрон дронини уриб туширганди. Бу воқеа икки томон ўртасидаги кескинликни кучайтирган бўлса-да, музокаралар бекор бўлмаган. Эрон расмийларининг таъкидлашича, учрашув фақат Эрон ядровий дастури масаласига қаратилади ва унда фақатгина Теҳрон ҳамда АҚШ иштирок этади. 

Оқ уй музокаралар муваффақиятли бўлишига шубҳа билан қарамоқда. Бироқ, АҚШ минтақадаги иттифоқчиларга ҳурмат юзасидан режаларни ўзгартиришга рози бўлди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг намойишчиларга қарши репрессиясидан кейин Теҳронга қарши куч ишлатиши мумкинлигини айтган эди. У кутилаётган музокарада Эронни ядровий дастурини чеклашга мажбур қилишни мақсад қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ядровий келишув бўйича музокараларни қайта бошлаш бўйича топшириқ бергани ҳақида хабар берилган эди.

Суннатова Фарангиз


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Эрон-АҚШ ядровий музокаралар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг