Эргашев ва Ғиёсов жанги бўладими?

Спорт

Мана бир неча йилдирки икки ўзбекистонлик боксчи Шоҳжаҳон Эргашев ва Шаҳрам Ғиёсов ўзаро жанг қиладими деган савол ўзбек спорти ихлосмандларининг тилидан тушмаяпти. Сўнгги вақтларда бу мавзу яна трендга чиқди. Иккала боксчи ижтимоий тармоқлар орқали “жанг” ўтказмоқда, аммо масала қачон узил-кесил рингда ҳал қилинади? Иккала чарм қўлқоп устаси билан ҳам мулоқотда бўлган QALAMPIR.UZ сайти юқоридаги саволга имкон қадар аниқ жавоб беради.

Жанг бўйича иккала спортчининг позицияси икки хил. Айни вақтда Эргашев бу жангга тайёр, аммо у ярим ўрта вазнда IBF камари учун асосий номзод ҳисобланади ва яқин вақт ичида Шоҳжаҳон Эргашев камарни қўлга киритса, унинг фикри ўзгариб қолиши мумкин. Яна бир жиҳатни таъкидлаш жоиз, Эргашев Ғиёсовга қараганда ўз вазн тоифасида чемпионлик камарини қўлга киритишга яқинроқ. У британиялик Жек Кеттеролга қарши Eliminator жангида иштирок этиши керак, бироқ Кеттерол ўзбекистонлик боксчига қарши рингга чиқишни истамаяпти. Бу ҳолат эса узоққа чўзилмайди.

Ғиёсов эса даставвал бу жангга рози бўлгандек таассурот уйғотаётганди, аммо кейинчалик боксчи вазнини ўзгартирди ва QALAMPIR.UZ'га Эргашевга қарши жанг бўйича пиарларни тўхтатишини, бу жангдан ҳеч қандай фойда олмаслигини маълум қилди. 

Эргашев-Ғиёсов эҳтимолий жанги бўйича бошқа ўзбек боксчиларининг фикри қандай?

Профессионал боксчилар Баҳодир Жалолов ва Исроил Мадримов ҳозирги вақтда ҳеч қанақасига бу жангни ўтказишни имкони йўқлигини маълум қилди. Икки спортчи ҳам жангга рози бўлган тақдирда ҳам промоутерларга бу тўқнашув ҳозирда умуман керак эмас. 

Яна бир савол агарда мазкур жанг ўтказилса, бундан Ўзбекистон қандай фойда кўради?

Албатта, Ўзбекистоннинг икки топ боксчиси ўртасидаги баҳс бутун дунёга ҳам қизиқ. Табиийки, жангни томоша қилиш учун Ўзбекистонга бутун дунёдан бокс ишқибозлари келади. Жанг ташкилотчилари трансляциядан катта фойда кўради. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу жанг яқин 1-2 йил ичида катта эҳтимол билан ўтказилмайди. Эргашев айни вақтда жангга тайёр, Ғиёсов эса бу борада бошқача фикрда.

Шоҳжаҳон Эргашев ва Шаҳрам Ғиёсовнинг келгуси жанглари кимга қарши ўтказилиши номаълум, бироқ спортчилар QALAMPIR.UZ'га бўлажак жангларининг тахминий ўтказилиш вақтини айтди. Эргашевнинг навбатдаги жанги 3 июнь куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилиши кутилмоқда. Ғиёсов эса келгуси жангини апрель ойида ўтказиш эҳтимоли бор.

Албатта, иккала спортчи ҳам ҳали кўп нарсани исботлаши керак. Ўйлаймизки, улар ўз вазн тоифаларида жаҳон чемпионлиги камарларига эга чиқиб, кейин ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олади. Ўшанда жангчиларнинг тўқнашуви ҳозирги вақтга қараганда бир неча баробар қизиқроқ бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шоҳжаҳон Эргашев Шаҳрам Ғиёсов бокс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг