Эрдўғаннинг ташрифи немис сиёсатчиларига ёқмади
Олам
−
17 Ноябрь 2023
10401Бугун, 17 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Германия канцлери Олаф Шольцнинг таклифига биноан Берлинга ташриф буюрди. Бироқ мамлакатдаги бир қатор маҳаллий нашрлар Эрдўғаннинг кутиб олиниши ҳеч қандай илтифотларсиз кечгани ҳақида ёзмоқда.
Баъзи немис сиёсатчилари Эрдўғаннинг ташрифини бутунлай бекор қилишга чақиришди, бироқ Шольц кескинликка бормасликка қарор қилди ва ташриф ёпиқ эшиклар ортидаги битта учрашув ва тушлик билан ўтказиладиган бўлди.
Шунингдек янгиланган кун тартибида Эрдўған Германия Президенти Франк-Валтер Штайнмаер билан ҳам бир учрашув ўтказиши режалаштирилган.
Бироқ икки давлат раҳбарларининг футбол бўйича Германия ва Туркия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйинга аввалдан режалаштирилган ташрифи бекор бўлган.
BBC'нинг ёзишича, пойтахт Берлин марказида мисли кўрилмаган даражадаги хавфсизлик чоралари кўрилган, бу АҚШ Президенти ташрифи пайтидаги хавфсизлик даражасига тенг.
“Германияда ҳокимият тепасида ким бўлишидан қатъи назар, икки давлат ўртасидаги муносабатлар узоқ йиллар давомида бир хил даражада мураккаблигича қолмоқда. Немис сиёсатчилари Эрдўғанни бир неча бор оғир шерик деб аташган. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш эса Берлин билан Анқара ўртасидаги жарликни янада кенгайтириб, икки томонни янада узоқлаштирган кўринади”, дейди BBC'нинг Берлиндаги мухбири Дэмиан Макгиннес.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Euractiv” портали Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Берлинда Олаф Шольц билан учрашуви чоғида Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини ратификация қилишга тайёрлигини маълум қилиши ҳақида ёзганди.
LiveБарчаси