Эрдўған Шольц учун “сюрприз” тайёрлаган – ОАВ
Олам
−
16 Ноябрь 2023
9487Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эртага, 17 ноябрь куни Берлинда Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашуви чоғида Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини ратификация қилишга тайёрлигини маълум қилиши мумкин. Бу ҳақда “Euractiv” портали хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси бугун, 16 ноябрь куни Швециянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ҳақидаги аризасини маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Шундан сўнг Туркия парламентида ратификация жуда тез ўтиши кутилмоқда. Портал Туркия Республикаси раҳбари Берлинга ташрифи чоғида Германия канцлерига “хушхабар етказишни” режалаштираётганини прогноз қилмоқда.
Бироқ Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини тасдиқламаган яна бир альянс аъзоси Венгрияда бундай янгиликлар ҳозирча йўқ. Венгрия парламенти аъзоси Агнес Вадайнинг айтишича, Будапешт Швециянинг НАТОга аризасини ратификация қилишга ҳали тайёр эмас, бу масала парламентнинг келаси ҳафтада бошланадиган сессияси кун тартибига киритилмайди.
Қайд этиш жоизки, Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протокол ҳозирча алянснинг 31 давлати томонидан ратификация қилинган, фақат Туркия ва Венгрия уни тасдиқламаган. Туркия ва Швеция ўртасида июль ойида Вильнюсда бўлиб ўтган алянс саммити олдидан Анқара томонидан ушбу ҳужжатни тезроқ ратификация қилиш тўғрисида келишувга эришилган эди, бироқ Туркия томони аризани маъқуллаш учун бир қатор шартларни, жумладан, терроризмга қарши курашда ҳамкорликни ҳамда Европа Иттифоқи билан иқтисодий ва виза интеграциясини тезлаштиришни илгари сурди.
Маълумот учун, Германия канцлери Олаф Шольц эртага, 17 ноябрь куни Берлинда Эрдўған билан учрашади. Туркия раҳбари Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан ҳам учрашади.