Эрдўған вазиятни юмшатишга чақирмоқда
Олам
−
28 Январь 2022
6803Туркия Украина ва Россия ўртасидаги кескинликни юмшатишга чақирмоқда. Бу ҳақда Анқарада Президент Ражаб Тойиб Эрдўған раислигида бўлиб ўтган мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши якунлари бўйича берилган баёнотда сўз борган.
“Вазиятни кескинлаштириш томонларнинг ҳеч бирининг манфаатларига тўғри келмайди”, деб таъкидланган Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида.
Туркия Миллий хавфсизлик хизмати, шунингдек, томонлар, биринчи навбатда Туркия ва Арманистоннинг конструктив ва самимий саъй-ҳаракатлари билан Жанубий Кавказда ташкил этилган ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш муҳимлигини қайд этган.
Якуний ҳужжатга кўра, Кенгашга Туркия хавфсизлик кучлари томонидан мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солаётган барча турдаги, хусусан, Курдистон ишчилар партияси (КИП – PKK), Курдистон жамоалари иттифоқи (КЖИ – KCK), Демократик бирлик партияси (ДБП – PYD), Халқ мудофааси бўлинмалари (ХМБ – YPG), ФЕТО ва ИШИД террор ташкилотларига қарши Туркия ва унинг ташқарисида амалга оширилган ҳал қилувчи ва муваффақиятли амалиётлар ҳақида маълумот берилган.
Туркия Миллий хавфсизлик кенгаши аъзолари Грециянинг Шарқий Ўртаер денгизи ва Эгей денгизи минтақасида бузғунчи ҳаракатларини танқид қилган. Қайд этилишича, Афина Греция оролларини ҳарбийлаштиришни давом эттирмоқда ва бу билан халқаро ҳуқуқ нормалари ва тегишли келишувлар қоидаларини қўпол равишда бузмоқда.
Учрашув иштирокчилари Грецияни Туркиянинг мулоқот ва ҳамкорлик чақирувларига “самимийлик билан жавоб беришга” чақирди. Шу билан бирга, Анқаранинг Эгей денгизи ва Ўрта ер денгизидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қатъияти тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған Россия ва Украина Президентлари Владимир Путин ҳамда Владимир Зеленскийни икки давлат ўртасидаги “ихтилофларни бартараф этиш” учун Туркияга таклиф қилганди. Дмитрий Песковга кўра, Путин Эрдўғаннинг таклифидан фойдаланиб, эпидемиологик вазият ва жадваллар имкон бериши биланоқ Туркияга ташриф буюради.