Эрдўған ва Макрон можароси: гап фақат диндами?
Олам
−
27 Октябрь 2020
14996Дунё остун-устин бўлиб бормоқда. Бир тарафда уруш, иккинчи тарафда даҳанаки жанг. Дунё аввалгидек Россия ва АҚШдан иборат бўлмай қолди. Кучлилар ҳам, улар атрофидаги “ўйинчи”лар ҳам ортиб бормоқда. Бугун кун тартибида эса Макрон ва Эрдўған турибди.
НАТОнинг икки аъзоси ўртасидаги тортишувлар икки халқнинг ўзаро нафратига сабаб бўлмоқда. Албатта, бу тортишувлар бўш иддаолар устига қурилмаган. Франция Президентининг баёнотлари Ислом олами билан бир қаторда бугун ўзини мусулмонларнинг ҳимоячи сифатида кўраётган Эрдўғанни ҳам ғазаблантирди.
Айни вақтда икки мамлакат раҳбарлари қўлидаги энг катта куч ва шахмат доскасидаги энг кучли ўйинчи бўлган халқ – пиёдаларни илгари сурмоқда. Макрон французларни турк маҳсулотларига бойкотга чақирса, Эрдўған ҳам бу борада халқидан ёрдам сўради.
Гап ўзи нимада?
НАТО альянсига аъзо икки давлат ўртасидаги муносабатлар Сурия уруши пайтида Париж ўз аскарларини Суриядаги курд-араб аскарлари томонидан ишғол қилинган ҳудудга жойлаштириганидан кейин ёмонлашди. Анқара ўз чегараларига яқин курд мухториятининг мавжудлигини таҳдид, деб билмоқда. Чунки Туркиянинг айнан ўзида курд сепаратистик ҳаракати бемалол иш олиб бормоқда. Потенциал тарқоқ курд кучлари бир-бирини қўллаб-қувватлашга қодир. Туркия эса Францияда курдларга ёрдам берадиган кучни кўрмоқда.
2020 йилда вазиятнинг мураккаблашувига яна бир сабаб қўшилди. Туркия Исроил қирғоғида жойлашган газ конларини кашф этганидан сўнг, ўз ҳудудий сувлари яқинида углеводородларни қидиришга эътибор қаратди. Бу уни қўшни давлатлар – Греция ва Кипр билан зиддиятига олиб келди. Иккала мамлакат ҳам туркларни ўз ҳудудий сувларига бостириб киришда айблашни бошлади. Франциянинг Ўрта ер денгизи шарқий қирғоғига кириш имконига эга эмаслигига қарамай, Париж миллий манфаатларга зид равишда Афина ва Никосия томонига ўтди.
Қарама-қаршиликларнинг яна бир нуқтаси – Ливиядаги қурол-яроғ эмбаргосига риоя қилиш масаласи бўлди. Франция Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, турклар БМТ томонидан қўйилган тақиқни бузмоқда. Расмий Анқара эса барча айбловларни қатъиян рад этиб келмоқда.
Ҳозирги зиддиятларнинг аниқ сабаби борми?
Ҳа ва ҳатто иккита. Биринчидан, Елисей саройи Туркия разведкасининг Шарқий Ўрта ер денгизида олиб борган ишларини қоралаб, икки ой муддатга мўлжалланган ультиматум эълон қилди: Франция гарчи ўзига хос таҳдидлар билдирмаса ҳам бу вақт ичида Туркия ташқи сиёсатини ўзгартиришини кутмоқда.
Иккинчи сабаб – Францияда исломий сепаратизмга қарши янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини қабул қилишга тайёргарликнинг бошланиши бўлди. Эрдўған Макроннинг ўз мамлакатидаги Ислом динининг ўрни ҳақидаги баёнотларини (Франция Президенти "Ислом аҳкомларини қайта кўриб чиқиш”ни таклиф қилди) тажовузкор, деб ҳисоблади.
Жорий йилнинг 16 октябрь куни Париж чеккасида чеченистонлик Абдаллаҳ Анзоров тарих ва география ўқитувчиси Самюэль Патининг жонига қасд қилди. Сўз эркинлиги дарсида Пати шогирдларига пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг карикатурасини намойиш этди. Қотилликка жавобан Макрон диний туйғуларни ҳақорат қилиш ҳуқуқини инсон ва фуқаронинг табиий эркинликларининг бир қисми, деб билишини маълум қилди. Франция раҳбарининг сўзлари Ислом дунёсида, хусусан, Туркияда ғазабга сабаб бўлди.
Европа ҳаммасини кузатиб турибди... У бу ишларга қандай муносабат билдириши мумкин?
Европа баландпарвоз баёнотларга қарамай, Анқара ҳали сўздан амалга ўтмаганига эътибор қаратмоқда. Европа комиссиясининг расмий вакили Эрик Мамер шундай фикрларни билдириб ўтди: "Француз маҳсулотларини бойкот қилишга чақириқлар афсусланарли, аммо биз ҳали бу йўналишда расмий қарорларни қабул қилмаганмиз. Шунинг учун Европа комиссиясининг расмий жавобига эҳтиёж сезмаяпмиз".
Европа Иттифоқи Ташқи хизмати вакили Петер Станонинг таъкидлашича, "декабрь ойида бўлиб ўтадиган ЕИ Саммитида Туркия билан муносабатлар масаласини муҳокама қилиш режалаштирилган".
"Агар бундай провокациялар (Эрдўғаннинг баёнотлари назарда тутиляпти – таҳр.) давом этса, Европа Иттифоқи Анқарага нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиши мумкин", дея қўшимча қилди Стано.
Германия эса Эрдўғаннинг баёнотларини қабул қилиш мумкин эмас, деб ҳисобламоқда. Греция ҳам Францияни қўллаб-қувватлади.
Вазиятнинг ёмонлашиши фақат икки томонгагина таъсир кўрсатадими?
Шундай эҳтимол ҳам йўқ эмас. 25 октябрда Покистон Бош вазири Имрон Хон Францияни Ислом динига нисбатан ҳурматсизлик қилганликда айблади. Эрдўған француз маҳсулотларини бойкот қилишга чақирмасидан аввал ҳам, Қувайт чакана савдо тармоқлари ушбу чекловларни аллақачон тасдиқлаган ва қўллаган эди.
25 октябрь, якшанба куни француз товарларини бойкот қилишга чақирувчи хештег Саудия Арабистонининг твитосферасида иккинчи ўринни эгаллади.
LiveБарчаси