Туркия Сурияни қўллаб-қувватлашга тайёр – Хоқон Фидан
Олам
−
09 Декабрь
3972Туркия ўтиш даврида Сурияни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Анқарада республиканинг хориждаги элчиларининг конференцияси очилишида маълум қилди.
“Сурияда янги давр бошланди. Энди биз келажакка эътибор қаратишимиз ва орқага қарамаслигимиз керак. Янги даврда биз бошқарувда инклюзив ёндашувдан фойдаланган ҳолда, турли этник ва диний гуруҳлар тинч-тотув яшаётган Сурияни кўришни истаймиз. Биз қўшнилари билан яхши муносабатларга эга бўлган ва минтақамизга тинчлик ва барқарорлик қўшадиган янги Сурияни кўришни хоҳлаймиз”, деган у.
Шунингдек, вазир Башар Асад режимини Суриянинг ўзи ҳам хушламаганини, президент халқ билан мулоқот қилишга интилмаганини таъкидлаб ўтган.
Қолаверса, Туркия томони сурияликларнинг хавфсиз ва ихтиёрий равишда қайтиши ва мамлакатнинг қайта тикланиши учун қўлдан келган ёрдамини аямаслигини ҳам эслатган.
“Суриялик биродарларига қийин кунларида ёрдам берган Туркия, очилган янги саҳифада ҳам улар билан бирга бўлади”, деган вазир.
Вазир нутқи давомида Туркия доим сурияликларнинг ёнида бўлганини, бошқалар эса уларни ташлаб кетганини эслатиб, “Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг кучли иродаси умидини йўқотган сурияликлар учун умид чироғи бўлишда давом этаётгани”ни таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 декабрь куни Доҳадаги матбуот анжуманида Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Анқара Суриянинг миллий бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига катта аҳамият беришини айтган ва Асад режими ағдарилгач, мамлакатини тарк этишга мажбур бўлган миллионлаб сурияликлар энди ўз юртларига қайтишлари мумкинлигини қўшимча қилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15