Эрдўған Рамазондан олдин Сурияга боради – ОАВ
Олам
−
04 Февраль 2207 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Рамазон ойи бошланишидан олдин Сурияга ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Türkiye” газетаси хабар берди.
Нашрга кўра, Эрдўғанни қўшни мамлакатга ташриф буюришга Сурия ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) таклиф қилади. Бу таклиф бугун, 4 февраль куни Анқарада бўлиб ўтадиган музокаралар чоғида билдирилиши кутилмоқда.
Нашр маълумотига кўра, Эрдўған ва аш-Шара учрашувида асосан Сурияни тиклаш ва терроризмга қарши кураш масалалари муҳокама қилинади. Музокаралар ва икки давлат ҳукуматларининг қўшма йиғилиши натижасида иқтисодиёт, транспорт, алоқа, қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича муҳим келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Шу тариқа Туркия Аҳмад аш-Шара Суриянинг ўтиш даври президенти сифатида ташриф буюрадиган иккинчи давлат бўлади. Эрдўған ҳам Сурияда ҳокимият алмашгандан кейин Дамашққа борган иккинчи давлат раҳбари бўлиши кутилмоқда. Ўтган ойда Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний Дамашққа борганди.
Аҳмад аш-Шаранинг биринчи хорижий ташрифи эса Саудия Арабистонига бўлган ва унинг доирасида Ар-Риёдда подшоҳлик валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашганди. Шунингдек, Аҳмад аш-Шара Саудия Арабистонига ташрифи давомида Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Сурия янги етакчисига ўтиш даври ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асад Ҳасан ал-Шибоний ҳамроҳлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ва Сурия ўзаро мудофаа бўйича битим имзолашга тайёргарлик кўраётгани хабар қилинганди. Ушбу битиб доирасида Туркия Сурияда иккита ҳарбий база қуриб, у ерга F-16 қирувчи самолётларини жойлаштириши мумкин. Шунингдек, агар Дамашқ кутилмаган хавфга дуч келса, Туркия уни қўллаб-қувватлайди.
Live
Барчаси