Туркия Сурияда иккита ҳарбий база қуради – ОАВ

Олам

image

Туркия Сурияда иккита ҳарбий база қуриб, у ерга F-16 қирувчи самолётларини жойлаштириши мумкин. Бу ҳақда манбаларга таяниб, ҳукуматга яқин бўлган “Türkiye” газетаси хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Туркия ва Сурия ўзаро мудофаа бўйича битим имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу битим яқин вақт ичида имзоланиши кутилмоқда. Ҳужжатга кўра, агар Дамашқ кутилмаган хавфга дуч келса, Туркия уни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, битим қуйидагиларни ҳам назарда тутади:

  • Туркия Сурияга ҳарбий тайёргарликда ёрдам кўрсатади, жумладан, Сурия армияси ва учувчиларини ўқитади;
  • Туркия Сурияда иккита ҳарбий база қуради;
  • Ушбу базаларда Туркиянинг 50 та F-16 қирувчи самолётлари жойлаштирилади. Бу Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари тикланишига қадар мамлакат суверенитетига қарши бўлиши мумкин бўлган ҳужумларни олдини олиш учун амалга оширилади.

Аммо ҳозирча расмийлар бу маълумотга изоҳ бермаган. “Türkiye” нашри, шунингдек, янги Сурия ҳукумати Туркиядан дронлар, радар тизимлари ва радиоэлектрон кураш воситаларини сўраганини ҳам хабар қилган. 

“Дамашқ ҳукумати Туркиядан асосан дронлар етказиб беришни сўрамоқда. Бундан ташқари, Исроил билан чегарадаги вазиятни назорат қилиш мақсадида турк дронлари, радар тизимлари, радиоэлектрон кураш воситалари ва интеграциялашган хавфсизлик тизимлари ўрнатилишини хоҳламоқда”, дейилади хабарда.

Сурия Мудофаа вазирлиги вакилига кўра, дронларнинг илк партияси яқин вақт ичида етказиб берилиши мумкин.

Маълумот учун, олдинроқ “The Washington Post” нашри сунъий йўлдош тасвирлари ва экспертлар хулосаларига таяниб, Исроил Сурия ҳудудидаги нейтрал минтақада ҳарбий базалар қураётганини эълон қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь охирида Сурияда қуролли мухолифат ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлаганди. 8 декабрда улар Дамашққа кириб келди. Шундан сўнг, Сурия собиқ президенти Башар Асад лавозимини тарк этиб, Россияга қочиб кетди. 

10 декабрь куни Идлиб вилоятида Муҳаммад аль-Башир Сурия муваққат ҳукуматининг бош вазири сифатида эълон қилинди. Бу ҳукумат жорий йил 1 мартгача фаолият юритади.

Жорий йил 29 январь куни эса "Ҳаят Таҳрир аш-Шом" гуруҳи етакчиси Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) Сурия президенти сифатида эълон қилинди. Ўтиш даври якунигача у шу лавозимда қолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Туркия ҳарбий база

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг