Эрдўған Путин билан Суриядаги жанглар ҳақида гаплашди

Олам

image

Бугун, 18 июль куни Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида телефон орқали муҳим суҳбат бўлиб ўтди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди. 

Суҳбат чоғида томонлар Яқин Шарқдаги долзарб вазият, жумладан, Суриядаги кескинликнинг кучайиши юзасидан атрофлича фикр алмашган. 

Икки давлат раҳбарлари Сурияда сўнгги кунларда кучайган зўравонлик ҳолатларидан жиддий хавотирда эканини билдирар экан, мамлакатдаги вазиятни тез орада барқарорлаштириш учун миллий келишув ва диалог асосида ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, кўп конфессияли суриялик жамият вакилларининг қонуний ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, мамлакатнинг суверенитети, яхлитлиги ва ҳудудий бутунлигига риоя этилиши зарурлиги алоҳида урғу билан қайд этилган.

Украина можароси юзасидан суҳбат давомида Владимир Путин можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлаган. У Ражаб Тойиб Эрдўғанга Россия ва Украина ўртасида тўғридан тўғри музокараларни Истанбулда ўтказишга доимий тайёргарлик билдиргани учун миннатдорлик изҳор этган.

Шунингдек, томонлар Россия ва Туркия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилган. Хусусан, 2025 йил 27 июнь куни бўлиб ўтган Россия-Туркия ҳукуматлараро савдо-иқтисодий комиссияси йиғилиши ижобий баҳоланган.

Суҳбат сўнгида Путин ва Эрдўған муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан мунтазам алоқада бўлиб туриш бўйича келишиб олган.

Маълумот учун, Сурияда бадавий қабилалари ва друзлар ўртасидаги очиқ тўқнашувлар 13 июлда бошланган ва тезда кенг кўламли жангларга айланган. Ҳудудга ҳукумат кучлари юборилган, аммо друз тузилмаларининг ҳужумлари оқибатида ўнлаб аскар ҳалок бўлди. Вазият авж олган пайтда қисқа муддатли оташкесимга эришилди, бироқ у тез орада бузилди.

Шундан сўнг Исроил Сурия ҳукумати нишонларига қатор зарбалар берди. 16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқдаги Президент саройи, Бош штаб ва Мудофаа вазирлигига ҳужум қилди. Шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада яна сулҳга эришилди, бироқ бунга параллел равишда Исроил авиацияси пойтахт ва Дараа шаҳрига зарбалар берди.

Маҳаллий манбаларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Сувайдадаги жанглар, шунингдек, Исроил зарбалари оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған телефон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг