Эрдўған Путин билан августда учрашишдан умидини узди
Олам
−
21 Август 2023
7452Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған имкон туғилса, сентябрь ойида Россия Президенти Владимир Путин билан Қора денгиз дон ташаббусини қайта тиклаш масаласини шахсан муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туркия етакчиси Будапешт сафарида унга ҳамроҳлик қилган журналистлар саволларига жавоб берар экан айтиб ўтди.
“Сентябрь ойида Ҳиндистонда G-20 йиғилиши бўлиб ўтади. Қўшма Штатларда БМТ Бош Ассамблеясининг йиғилиши режалаштирилган. Агар тақвим тиғизлиги туфайли бундай имконият юзага келса, жаноб Путин билан муҳокама [дон битимини] муҳокама қиламиз”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбари “дон келишуви” тугаганидан кейин Украина портини тарк этган ва Истанбул бўғозини кесиб ўтган биринчи кема мавзусига тўхталди.
“Украина, Одессани тарк этган бу кема дон ташувчи эмас, у контейнер. Миллий мудофаа вазирлигимиз ҳам тегишли баёнот билан чиқди. Бу ердаги асосий мақсадимиз жаноб Путин билан телефон суҳбатлари орқали ғалла йўлаги бўйича Россиянинг ижобий позициясига эришишдир”, дейди Президент.
Давлат раҳбари Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фиданнинг яқин орада Россияга ташрифи ҳақида ҳам маълум қилди.
“Ушбу масалани юзма-юз муҳокама қилиш муҳим. Шу тарзда анча аниқроқ натижага эришиш мумкин бўлади”, дейди у.
Президент Анқара Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокараларига эришиш учун ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
“Биз бунга интиляпмиз, бу бизнинг хоҳишимиз, биз [Украина Президенти Владимир] Зеленскийнинг [Туркияга] ташрифи, у билан музокаралар, шунингдек, НАТО етакчилари саммити доирасидаги учрашувлар чоғида бу масалаларни батафсил муҳокама қилдик. Умид қиламанки, агар иккала етакчи ҳам воситачилигимизни маъқулласа, натижага эришамиз”, дея қўшимча қилди Туркия раҳбари томонлар ўртасидаги тинчлик музокараларида Туркиянинг воситачилик ролини изоҳлар экан.
Эслатиб ўтамиз, Россия томони 18 июлдан бошлаб дон йўлаги келишуви тўхтатилишини маълум қилганди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Москванинг бу қарорини қоралади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди.