Эрдўған НАТО етакчиларига ўзи ҳақидаги китобни совға қилди
Олам
−
09 июл 948 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТОнинг 36-саммитида иштирок этган давлат ва ҳукумат раҳбарларига “The Politics of Courage: Erdoğan and the Rise of Türkiye” (“Жасорат сиёсати: Эрдўған ва Туркиянинг юксалиши”) номли китобни шахсий совғаси сифатида имзоланган махсус мактуб билан бирга тақдим этди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Жорий йилнинг 7 июль куни Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рафиқаси Эмина Эрдўған саммитда иштирок этган давлат раҳбарлари ва уларнинг турмуш ўртоқлари шарафига Президент саройида расмий кечки овқат уюштирганди. Анқарадаги НАТО саммити доирасида ўтган расмий кечки овқат маросими бу сафар биринчи хонимлар ва аёл етакчиларнинг нафис либослари намойиш этилган ўзига хос мода саҳнасига айланди.
Маълум қилинишича, тадбирдан сўнг Эрдўған жамғармаси томонидан тайёрланган “Жасорат сиёсати: Эрдўған ва Туркиянинг юксалиши” номли биографик китоб имзоланган махсус мактуб билан бирга етакчиларга совға қилинган.
Манбага кўра, халқаро ўқувчилар аудиторияси учун инглиз тилида тайёрланган китобда Эрдўғаннинг сиёсий фаолияти орқали Туркиянинг яқин сиёсий тарихи, муҳим қарорлар, мамлакат дуч келган синовлар, амалга оширилган ислоҳотлар ва узоқ муддатли мақсадлар таҳлил қилинган.
Шунингдек, китобда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг етакчилик фаолияти ҳамда Туркияда сўнгги чорак аср давомида юз берган сиёсий, ижтимоий ва институционал ўзгаришлар “жасорат сиёсати” тушунчаси асосида ёритилган.
“Тарих фақат содир бўлган воқеалар йиғиндиси эмас, балки ўша воқеаларга йўналиш берган қарорлар, улкан меҳнат ва шаклланган қарашларнинг умумий меросидир. Бу асар шахсий ҳаёт йўлимдан ташқари, халқимиз билан бирга барпо этган орзуларимиз, амалга оширган лойиҳаларимиз ва келажак авлодларга қолдираётган меросимизнинг ифодасидир”, деган Президент Эрдўған китобга илова қилинган махсус мактубида.
Мактубдаги ушбу фикр китобнинг асосий ғоясини ҳам акс эттиради. У оддий сиёсий биография доирасидан чиқиб, Туркиянинг яқин тарихига халқ, етакчилик ва умумий келажак нуқтаи назаридан ёндашишни мақсад қилган.
Шу жиҳатдан китоб Туркияда сўнгги йилларда юз берган ўзгаришларни халқаро жамоатчиликка унинг тарихий ва ижтимоий замини билан бирга тушунтирувчи кенг қамровли манба сифатида баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған Анқарада бўлиб ўтган НАТОнинг 36-саммити якунида альянс етакчиларига уларнинг исми ўйиб ёзилган махсус ишлаб чиқарилган тўппонча ҳамда бир қути ўқ-дорини совға қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси