Эрдўған масжидга айлантирилган Айя София қачон очилишини айтди
Олам
−
11 Июль 2020
7445Қайтадан масжидга айлантирилган Истанбул шаҳридаги Айя София (Авлиё София) икки ҳафтадан сўнг ибодат учун очилади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.
“24 июль жума куни Жума намози билан биргаликда Айя Софияни ибодатлар учун очишни режалаштиряпмиз”, деди Эрдўған телемурожаати давомида.
Эрдўған шунингдек, турли дин вакиллари ҳам Авлиё Софияга киритилишини қўшимча қилди. У иншоотни ички томонида камчиликлар борлигини, уларни 6 ой давомида таъмирланиб, ниҳоясига етказилишини таъкидлаб ўтди.
У барчани бу қарорни ҳурмат қилишга чақирди. Эрдўған халқаро майдонда янграган ҳар бир фикр эшитилишини айтиб ўтди.
“Бироқ Айя Софиянинг нима мақсадда фойдаланилиши мамлакатимизнинг суверен ҳуқуқи ҳисобланади. Республиканинг байроғи, пойтахти, дини, чегаралари, 81 вилояти нима бўлса, Айя Софиянинг масжидга айлантирилиши ҳам шудир”, деди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 июль куни Туркия Давлат кенгаши (Олий суди) Айя Софияга музей мақоми берилган 1934 йилдаги Мустафо Камол Отатуркнинг фармойишини бекор қилди. Унинг ортидан Эрдўған Айя Софияни масжидга айлантириш тўғрисида қарорни имзолади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь