Эрдўған Исроил ташкил этилган кунни фалокат деб атади
Олам
−
15 Октябрь
5128Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил давлати ташкил этилган кунни фаластинликлар учун фалокат деб атади ва бу мамлакатни давлат деб аташнинг ўзи нотўғри эканини таъкидлади. У бу ҳақда Анқарада Адолат ва тараққиёт партияси томонидан ташкил этилган Фаластин келажаги конференциясида сўз очди.
“Исроилнинг босқин, вайронагарчилик ва қатл сиёсати узлуксиз 76 йилдан бери давом этмоқда. Аслида Фаластиндаги қон тўкиш ҳеч қачон тўхтамаган. Исроил давлати 1948 йилда ташкил топди. Исроилни давлат деб аташ нотўғри бўларди. 1948 йилнинг 14 майида фаластинликлар кўз ўнгидаги биринчи катта фалокат бўлди. Исроил кучлари қарийб бир миллион фаластинликни қувиб чиқарди ва уларга тегишли бўлган 675 та қишлоқ ва шаҳарчаларни вайрон қилди”, деди Эрдўған.
Турк етакчисининг таъкидлашича, ҳозирда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзоси сифатида ягона расмий чегаралари номаълум бўлган давлат бу – Исроил. Шунингдек, Эрдўған бунга БМТ Бош Ассамблеясида бутун дунёга эътибор қаратганини ва 1947 йилдан буён ўзгариб келаётган Исроил харитасини намойиш қилиб, Исроилнинг чегаралари қандай эканлиги ҳақида савол берганини таъкидлаган.
“Бу саволга ҳеч ким жавоб бера олмади”, дейди Эрдўған.
Унинг сўзларига кўра, Исроил раҳбарияти Ғазони босиб олиш билан кифояланмаслигини кўрсатган ва Ливанга ҳам ҳужум қилган. Эрдўғанга кўра, агар Исроил тўхтатилмаса, унинг тажовузкорлиги қанчалик кенгайишини олдиндан айтиб бўлмайди.
“Бизнинг мамлакатимизга яқинлашаётган хавфни кўрмаётганлар бор, лекин биз бу хатарларни кўряпмиз ва барча эҳтиёт чораларини қиляпмиз”, деган Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған Туркия разведка хизматлари Исроилнинг мамлакатга қарши ўтмишдаги ва келажакдаги барча ҳаракатларини кузатаётганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь