Эрдўған Эронни хато қилишдан тийилишга чақирди (видео)
Олам
−
10 Март 4124 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эронни хато қилишдан тийилишга ва қайсарлик қилмасликка чақирди. Бу ҳақда у кеча, 9 март куни ҳукумат йиғилишидан сўнг қилган чиқишида сўз очди.
Президент Эрдўған баёнотида Эроннинг хатти-ҳаракатларини танқид қилиб, уларни “жуда нотўғри ва провокацион” деб атаган.
“Эрон расмийларига зарур огоҳлантиришлар берилди. Аммо самимий огоҳлантиришларимизга қарамай, Туркиянинг дўстлигига путур етказадиган, жуда нотўғри ва провокацион қадамлар ташлашда давом этмоқда. Халқимиз қалби ва онгида чуқур жароҳатлар қолдирадиган, минг йиллик қўшничилик ва биродарлик муносабатларига соя соладиган йўлга кирилмаслиги керак”, дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент икки давлат ўртасидаги муносабатларни ҳурмат қилиш зарурлигини эслатиб, Эронни хато қилишдан тийилишга ва қайсарлик қилмасликка чақирган.
“Туркиянинг ўрни ҳам, позицияси ҳам аниқ. Можаро янада кенгаймаслиги ва яна кўпроқ қон тўкилмаслиги учун кўрсатаётган саъй-ҳаракатларимиз ҳам ҳаммага маълум. Шу воқеа доирасида яна бир бор айтаман – хато қилишда оёқ тираб олмаслиги керак. Биз воқеаларни НАТО ва бошқа иттифоқчиларимиз билан ҳамкорликда кузатишда давом этамиз ҳамда хавфсизлигимизни мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўрамиз”, дейди Эрдўған.
У баёнотида “Икки давлат – бир миллат” шиори асосида Туркия Озарбайжон бошчилигида минтақадаги қардош давлатлар билан ҳам бирдамлигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Эрдўған Туркияда мухолифат тез-тез танқид қиладиган яна бир масала – чегара хавфсизлиги ҳақида ҳам тўхталган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча Туркия чегараларида ҳеч қандай жиддий муаммо ёки ҳаракатланиш кузатилмаяпти.
Президент чегараларда, божхона пунктларида ва тегишли вилоятларда профилактик чоралар кучайтирилгани, давлат идоралари ўртасидаги вазифалар аниқ белгиланганини ҳам айтган. Зарурат туғилганда ишга тушириладиган режа, мувофиқлаштириш марказлари ва тезкор чоралар механизмлари ҳам тайёр ҳолда эканини таъкидлаган.
Live
Барчаси