Эрдўған БМТда ташкилотнинг тақдирини “гўрга тиқадиган” нутқ қилмоқчи

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТни ислоҳ қилишга чақирди, чунки ташкилот замонавий муаммоларни ҳал қилишга қодир эмас. У бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка жўнаб кетиш олдидан Истанбулда журналистларга гапирди. 

“Биз 80 йил аввалги шароитни акс эттирувчи БМТнинг ҳозирги тузилмаси ўзининг замонавий вазифаларини бажариш учун етарли эмаслигини кўрамиз. Гуманитар инқирозларни ҳал қилишни Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқига эга давлатлар ихтиёрига қолдириш учун ҳеч қандай асос йўқ. Биз буни биринчи марта 12 йил олдин БМТ минбаридан айтиб, дунё бешдан [БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидан] катта эканлигини таъкидлаган эдик. Йиллар давомида бизнинг баҳолашимизнинг асослилиги бир неча бор тасдиқланди. Ҳатто, Бош котиб даражасида ҳам БМТни зудлик билан ислоҳ қилиш зарурлиги очиқ айтила бошланди”, дейди Эрдўған.

Унинг таъкидлашича, Туркия БМТни ислоҳ қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни доим қўллаб-қувватлаган ва бундан кейин ҳам шундай қилади. 

“Бош Ассамблеяда инсоният виждонини акс эттирувчи ва бу муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшадиган позициямизни яна бир бор таъкидлайман. Ўз нутқимда Ғазо секторидаги гуманитар фалокат ва ваҳшийликларга алоҳида тўхталиб ўтаман. Шунингдек, Туркиянинг минтақада барқарорлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва халқаро тинчликни сақлашга қўшган ҳиссасига тўхталамиз”, дейди Туркия раҳбари. 

Яқин Шарқ масаласига тўхталган Эрдўған, кўплаб давлатларнинг Фаластин давлатини тан олганини қайд этиб, бу тан олиш қарорлари икки давлат ечимининг татбиқини тезлаштиришига умид билдирди. 

“Яқин кунларда яна бир неча давлатнинг Фаластинни тан олишини кўрамиз. Бу, албатта, биз учун айниқса қувонарли бўлади. Умид қиламизки, бундай давлатлар қанча кўп бўлса, Фаластинни тан олишда ҳам шунчалик кўп тараққиёт бўлади”, дейди у. 

Суриядаги вазиятга тўхталиб, Туркия Президенти, мамлакати Сурияни ёлғиз қолдирмаслигини ва уни ҳар куни мустаҳкамлаш учун барча имкониятлардан фойдаланишини билдирди.  

“Яқинда Қатарда [Сурия муваққат президенти] Аҳмад аш-Шара ва унинг ташқи ишлар вазири билан учрашдик. Бу учрашувдан сўнг разведка директоримиз Сурияга ташриф буюрди. Тез орада жаноб аш-Шарани Анқарада меҳмон қиламиз. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Америкадаги Турклар уйида улар билан учрашиш имконига эга бўламиз”, дейди Эрдўған.

Маълумот учун, Ражаб Тойиб Эрдўған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассаблеясининг 80-сессиясида иштирок этиш учун кеча Нью-Йоркка етиб борди. Унга рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилмоқда. 

Нью-Йоркдаги Турк уйига кираверишда журналистлар билан суҳбатлашган давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Сурия президенти Аҳмад аш-Шара ва АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Вашингтонда бўлиб ўтадиган учрашувлари “ўта муҳим”, чунки улар “бутун минтақага тегишли” эканини таъкидлади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг