Эрдўған Ал-Ақсога босқинни Исроил Президенти билан муҳокама қилди
Олам
−
20 Апрель 2022
12508Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил Президенти Ицхак Герцог билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Туркия раҳбари ўзининг Twitter’даги расмий саҳифасида маълум қилди.
Суҳбат чоғида бир қатор яҳудий радикал гуруҳлари ва Исроил хавфсизлик кучлари томонидан қўзғатилган Фаластиндаги сўнгги воқеалар муҳокама қилинган.
Президент Эрдўған, Рамазон ойи бошидан буён Ғарбий Соҳилда ва Ал-Ақсо масжидида содир бўлган ҳодисалардан, тўқашувларда 18 нафар фаластинлик, жумладан, вояга етмаганлар ўлдирилганидан, 400 дан ортиқ киши яраланганидан афсусда эканини билдирган.
“Кеча ва ўтган куни бомдод намозидан кейин ақидапарастлар гуруҳлари Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, исталмаган ҳодисалар чиқишига сабаб бўлгани ва шундан сўнг таранглик Ғазога ҳам ўтгани бизнинг қайғуларимизни янада кучайтирмоқда. Байрам байрамона муҳитда ўтказилиши керак. Баъзи радикаллар туфайли йилдан-йилга кўрилаётган бу манзара виждонни ўртамоқда ва бутун ислом жамоатчилигининг адолатли муносабатига сабаб бўлмоқда”, деб ёзган Президент Эрдўған.
Президент Эрдўған, Ал-Ақсо масжиди мажмуасининг “мақоми ва маънавиятига” қарши фитна ва таҳдидларнинг олдини олиш зарурлигига эътибор қаратган.
“Шу қутлуғ кунларда барчани бу масканнинг маънавияти ва яхлитлигини асраб-авайлаш учун бор куч-ғайратини ишга солишга чақириғимни такрорлайман. Туркия ҳар қандай шароитда ҳам тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун саъй-ҳаракатларини давом эттиради”, дея қўшимча қилган у.
Туркия ва Исроил раҳбарлари минтақавий муаммолар ва икки томонлама муносабатларнинг аҳволи юзасидан ҳам фикр алмашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди.
Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.
18 апрель куни эса яҳудий ақидапарастлар Исроил полицияси ҳамроҳлигида яна мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳи ҳудудига кирди. Фаластинликларнинг қаршилик кўрсатиши ортидан полиция уларни калтаклаб, ҳибсга олди.
Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.
Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.
Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.
Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь