Энг бахтли мамлакатлар рейтинги эълон қилинди
Бу қизиқ
−
20 Март 8384 2 дақиқа
Жаҳоннинг энг бахтли мамлакатлари рейтинги (World Happiness Report 2026) эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 53-ўринни сақлаб қолди.
Экспертлар Ўзбекистондаги ҳаётдан қониқиш даражасини 10 баллдан 6,283 балл деб баҳолаган. Маъруза анъанага кўра 20 март куни нишонланадиган Халқаро бахт куни арафасида эълон қилинди. Тадқиқот Оксфорд университети Фаровонликни ўрганиш маркази томонидан Галлуп институти ва БМТ билан ҳамкорликда тайёрланган.
Рейтинг методологияси 140 та мамлакат ва ҳудуддаги қарийб 100 минг киши ўртасида ўтказилган сўровномага асосланади. Респондентлар ўз ҳаётини “Кантрил зинапояси” тести бўйича баҳолайди, бунда 10 балл – энг яхши ҳаёт, 0 балл эса энг ёмони ҳисобланади. Бундан ташқари, мутахассислар аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми, шахсий эркинлик даражаси, коррупцияни идрок этиш ва кутилаётган умр кўриш давомийлиги каби объектив омилларни ҳам ҳисобга олади.
МДҲ давлатлари орасида Қозоғистон етакчи бўлиб қолмоқда – у 33-ўринни эгаллади ва ўтган йилга нисбатан 10 поғонага кўтарилган. Минтақанинг бошқа давлатлари қуйидагича жойлашди:
- Қирғизистон – 66;
- Молдова — 77;
- Россия – 79.
Тожикистон, Арманистон ва Озарбайжон мос равишда 88, 89 ва 102-ўринларни эгаллади.
Жаҳон биринчилигини кетма-кет тўққизинчи марта Финландия эгаллаб турибди. Кучли бешликка, шунингдек, Исландия, Дания, Коста-Рика ва Швеция кирган. Топ-10 таликни Норвегия, Нидерландия, Исроил, Люксембург ва Швейцария якунлаб берган. Рўйхатнинг энг қуйи қисмида – 147-ўринда Афғонистон энг бахтсиз мамлакат бўлиб қолмоқда. Шунингдек, рейтинг охиридан Ботсвана, Зимбабве, Малави ва Серра-Леоне жой олган.
Янги маърузада рақамли технологияларнинг ёшлар фаровонлигига таъсирига алоҳида эътибор қаратилган. Тадқиқотчилар интернетдаги фаоллик бахт даражасига турлича таъсир қилишини аниқлаган. Тармоқдан таълим, мулоқот ва контент яратиш учун фойдаланиш ҳаётдан юқори қониқиш билан боғлиқ. Аксинча, ижтимоий тармоқларни мақсадсиз “кезиш” ва ўйинлар кўпинча фаровонлик ҳиссининг пасайишига олиб келади.
Ҳисоботнинг умумий хулосалари шуни кўрсатадики, дунёда ижобий ҳис-туйғулар ҳали ҳам салбийларга қараганда икки баравар кўп учрайди, бироқ салбий кечинмалар даражаси барча минтақаларда аста-секин ўсиб бормоқда. Қизиғи шундаки, аксарият саноатлашган Ғарб мамлакатлари аҳолиси ҳозирда ўзларини 2005-2010 йиллардагига қараганда камроқ бахтли ҳис қилмоқда. Ушбу мамлакатларнинг 15 тасида бахт даражасининг сезиларли даражада пасайиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польшанинг “National Geographic Traveler” журналининг махсус сонида Ўзбекистон шаҳарларига бағишланган мақола чоп этилганди. Унда Самарқанд, Бухоро ва Хива Осиёнинг энг гўзал 30 та шаҳри қаторидан жой олган.
Live
Барчаси