Энг арзон энергия – тежалган энергия – Шавкат Мирзиёев

Жамият

−

image

Ўзбекистонда ижтимоий соҳа объектлари ва сув хўжалигидаги насос станцияларини энергия тежамкор технологиялар асосида модернизация қилишга хусусий сармоя жалб этилади. Бу ҳақда бугун, 16 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда маълум қилди.

Қайд этилишича, энергия сақлаш лойиҳалари учун қонунчиликда ер ва мол-мулк солиғи бўйича 10 йиллик имтиёзлар белгиланган. Уларни қўллашдаги турлича талқинларга барҳам бериш учун имтиёзлар аккумулятор ёки қуёш панели жойлашган майдон билан бирга зарур подстанция, бошқарув биноси ва ёрдамчи инфратузилмага ҳам тегишли экани Солиқ кодексида аниқ кўрсатилади. 

Тақсимлаш тармоқларида хусусий сектор иштироки ҳам кенгайтирилади. Самарқандда бошланган ёндашувни Жиззах ва Тошкент вилоятларида давом эттириш режалаштирилган. Мақсад – электр йўқотишларини камайтириш ва истеъмолчиларга хизмат сифатини яхшилаш. 

“Энг арзон энергия – тежалган энергия”, дейди Президент. 

Ижтимоий соҳа объектлари ва сув хўжалигидаги насос станцияларини энергия тежамкор технологиялар асосида модернизация қилишга хусусий сармоя жалб этилади. Инвесторлар тежалган энергия ва карбон кредитлар ҳисобидан даромад олиши мумкин бўлади.

Давлат раҳбари Ўзбекистон халқаро энергетика ҳамкорлигига ўз салоҳияти билан кириб бораётганини таъкидлаган. Мамлакатда табиий ресурслар, саноат корхоналари, муҳандислар ва билимли ёшлар бор. Сармоя ва илғор технологиялар билан бирга бу имкониятлар кўпроқ қиймат яратиши мумкин. 

“ЎЗ” ғоясининг иқтисодий мазмуни ҳам мамлакат салоҳиятини ривожлантириш, дунё билан тенг ҳамкорлик қилиш ва умумий келажак учун масъулият олишдан иборат. 

Энергетика лойиҳаларида мис маҳсулотлари, кабель, трансформатор, металл конструксиялар ва қурилиш материалларига катта талаб бор. Президент маҳаллий корхоналар сифат, нарх ва стандартлар бўйича рақобатлаша олишини қайд этган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг