Энди жабрланувчи билан келишган ҳуқуқбузарлар жазоланмайди
Жамият
−
05 Октябрь 2021
9556Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс етказилган зарарни қоплаб, жабрланувчи билан ярашса, жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Бу ҳақда Президент томонидан имзоланган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Қонунда белгиланди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ярашилганлик муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш институти киритилди.
Унга кўра, Кодекснинг бир қатор моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини судга юборади.
Жабрланувчи ёхуд унинг қонуний вакили ярашув тўғрисидаги аризани иш ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан кўриб чиқилиши вақтида, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар бериши мумкин.
Агар иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда, ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси иш судга келган пайтдан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ўтказилади.
Ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.
LiveБарчаси