Энди педофиллар кастрация қилинади. Қозоғистонда!

Олам

image

Қозоғистонда вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка қарши жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташ муддати тугашидан олти ой олдин кимёвий кастрация қўлланилади. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Мажбурий тиббий чора қўллаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруққа киритилган ўзгартиришларда сўз боради.

Ҳужжатга биноан, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти маҳкумнинг муддати тугашидан камида 12 ой олдин судга ҳужжатларни юборади, бу орқали шахсда руҳий оғишлар ёки жинсий зўравонликка мойиллик мавжуд ёки йўқлиги бўйича суд-психиатрия экспертизаси тайинланади.

Шунингдек, бу тартиб руҳий бузилиши аниқланган, аммо ақли расо деб топилган шахсларга нисбатан суд қарори билан мажбурий тиббий чоралар қўлланилган ҳолларга татбиқ этилмайди.

Буйруқ расмий эълон қилинган кундан кейин ўн кун ўтгач кучга киради.

Қозоғистонда болаларга нисбатан жинсий жиноятлар сонининг кескин ошиши ортидан 2018 йилдан бошлаб педофилларга нисбатан кимёвий кастрация чораларини қонуний равишда қўллаш имконияти жорий этилган эди. Ушбу процедура фақат суд ҳукми билан суд-психиатрия экспертизаси жиноят содир этишга мойилликни тасдиқлаган шахсларга нисбатан амалга оширилади.

2024 йилнинг февраль ойида эса парламент депутатлари болаларга зўрлик қилган жиноятчиларга жарроҳлик йўли билан кастрация қилиш таклифини ҳам илгари сурган эди.

Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, 2024 йилда педофилия бўйича 874 та жиноят иши рўй берган. Умуман олганда, мамлакатда ҳар йили тахминан 900 га яқин болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати қайд этилади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь Бош прокуратураси Жиноят кодексига педофилияда айбланган шахсларни мажбурий кимёвий кастрация қилишни назарда тутувчи тузатишлар ишлаб чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон педофил кастрация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг