Энди “Open budget”да иш сифатини маҳаллалар баҳолайди
Жамият
−
23 Февраль
4469Жорий 2024 йилнинг 1 апрелидан бошлаб “Ташаббусли бюджет”да тасдиқланган лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина қабул қилинади ҳамда фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида айтиб ўтилган.
Унга кўра, 2024 йил 1 августга қадар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиш, маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш ҳамда лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик томонидан мониторинг қилиш ҳуқуқи берилади.
Ушбу бандларнинг ижросини таъминлаш эса Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Aҳадбек Ҳайдаров ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев зиммасига юклатилди.
Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат ва маҳаллий бюджетларнинг даромадлари ҳамда амалга оширилган, режалаштирилаётган харажатлар ҳақида йиллик ва ярим йиллик ҳисоботларни аҳоли тушуниши учун осон усулда эълон қилиб бориш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳалар танловининг ўтган йил сўнгги мавсумида умумий ҳисобда 1007 та маҳалладан 1182 та лойиҳа ғолиб деб топилганди. Улар учун ажратилган бюджет эса 1 триллион 308 миллиард 645 миллион 965,5 минг сўмни ташкил қилиши айтилганди.
LiveБарчаси