Энди Нурафшонда ҳам боғча опа болаларни калтаклади (видео)
3-саҳифа
−
04 Апрель 7646 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида жойлашган мактабгача таълим муассасаларининг бирида тарбиячи тарбияланувчи болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани ва уларни ургани акс этган видео тарқалиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Ҳолат бўйича вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 2 апрель куни Нурафшон шаҳридаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган.
Шу куннинг ўзида шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан масъуллардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, муассасада ўрганиш ишлари олиб борилган.
“Ўрганиш натижаларига кўра, шуни маълум қиламизки, муассасада сентябрь ойидан бери расмий фаолият олиб бораётган тарбиячи М.М. болалар билан олиб бораётган машғулот жараёнида уларга нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлган”, дейилади хабарда.
Аниқланишича, ҳолатни ташкилот раҳбари машғулотлар жараёни тугагач, хонада ўрнатилган видеокузатув камераларида кўрган ва видеони ходимлар гуруҳига ташлаб, муҳокама қилган.
Ташкилот раҳбари 3 апрель куни тарбиячи М.М. билан тузган шартномани бекор қилиб, уни ишдан четлатган.
Ишчи гуруҳ масъуллари муассасада тарбияланаётган болалар ҳолатини ҳам ўрганган.
“Болаларга шикаст етмагани аниқланди. Ташкилот ходимларига тушунтириш ишлари олиб борилди”, дейилади хабарда.
Айни пайтда ҳолат бўйича шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тошкент вилояти Зангиота туманидаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячи болаларни калтаклаганди. Ҳолат юзасидан Зангиота туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, нохуш ҳолат кузатилган оилавий мактабгача таълим муассасасида ўрганиш ишлари олиб борилган. Жорий йилнинг 6 март куни эса Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова давлат ва нодавлат мактабгача таълим тизими масъуллари билан учрашувда 2024 йилда болаларга нисбатан ишлатилган қўполлик юзасидан мурожаатлар ортидан 32 нафар раҳбар ва тарбиячи ишдан олинганини маълум қилганди.
Live
Барчаси