Энди ноқонуний қурилишнинг ҳар бир квадрат метрига жарима солиниши мумкин (видео)
Жамият
−
20:06 1012 3 дақиқа
Эндиликда Ўзбекистонда ноқонуний қурилиш учун ҳар бир квадрат метрга 2 млн сўмгача жарима белгиланиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 11 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган шаҳарсозлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасида сўз боради.
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раисининг ўринбосари Нозимбек Рустамбековнинг айтишича, 2023 йилда “Шаҳарсозлик тўғрисида”ги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ қарийб 8000 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. 2024 йилда эса бундай ҳуқуқбузарликларнинг сони қарийб 9000 тага етган. Шу даврда сифатсиз қурилиш-монтаж ишлари аниқланган 4000 дан ортиқ объектда қурилиш ишлари тўхтатилган. Шунингдек, 2025 йилда республика бўйича 2653 та ҳолатда маъмурий жарима қўлланилган ҳамда 2350 та объект бузилган.
“Мазкур рақамлар шаҳарсозлик соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этмаслик алоҳида ҳолат эмас, балки таъсирчан ҳуқуқий механизмларни талаб этаётган тизимли муаммо эканлигини кўрсатмоқда. Амалдаги таъсир чоралари айрим ҳолларда ҳуқуқбузарлик учун етарли иқтисодий тўсиқ яратмаяпти. Қурилишни сунъий равишда чўзиш, ер участкасини қурилишни амалга оширмасдан захира сифатида ушлаб туриш, тасдиқланган шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларига зид қурилиш, шунингдек, ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилиш ишларини бошлаш каби ҳолатлар амалиётда сақланиб қолмоқда”, дейди Рустамбеков.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси билан иккита асосий масала ҳал этилмоқда. Биринчиси – урбанизация соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни “Шаҳарсозлик кодекси”да яхлит ва тизимли равишда мустаҳкамлаш. Лойиҳа билан “Шаҳарсозлик кодекси”нинг тартибга солиш доираси шаҳарсозлик фаолияти билан бир қаторда урбанизация фаолиятини ҳам қамраб олиши белгиланмоқда. Урбанизация фаолиятининг асосий принциплари, урбанизация нормаларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда уларга риоя қилиш мажбурияти қонун даражасида мустаҳкамланмоқда. Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш Миллий қўмитаси урбанизация соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланиб, унинг ваколатлари “Шаҳарсозлик кодекси”га киритилмоқда. Бунда Миллий қўмита урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация, ҳудудларни режалаштириш ва шаҳарсозлик ҳужжатларнинг амалга оширилиши бўйича ўзига юклатилган вазифалар доирасида махсус ваколатли орган сифатида фаолият юритади.
Иккинчи масала – шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик учун таъсирчан молиявий жавобгарликни белгилаш. Билдирилишича, қонун лойиҳаси ҳар қандай камчилик ёки техник хато учун юқори миқдорда молиявий санкцияни қўллашни назарда тутмаяпти. Молиявий санкциялар фақат қонунда аниқ белгиланадиган қўпол ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан қўлланилади.
Жумладан:
- қурилишни тасдиқлаган шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларига зид равишда амалга ошириш;
- ер участкасини белгиланган функционал мақсадга мувофиқ бўлмаган объект қуриш;
- тегишли лойиҳа ҳужжатларисиз қурилиш ишларини бажариш;
- қонунда белгиланган йирик ноқонуний объектлар қурилишини ваколатли органни хабардор этмасдан бошлаш ёки ёлғон маълумот тақдим этиш.
Бундай ҳолатлар аниқланганда буюртмачи, пудратчи, шунингдек, тегишли ҳолларда суд пудратчига нисбатан ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтга қадар амалга оширилган жами қурилиш ҳажмининг ҳар бир квадрат метр учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида (2 млн 060 минг сўм) молиявий санкция қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини 88 нафар депутат қўллаб-қувватлаган, 15 нафари қарши овоз берган. Етти депутат бетараф қолган, саккиз нафари овоз беришда иштирок этмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кўп квартирали уй-жойларни рухсатсиз қурганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси