Энди насия ҳамда кредит рекламаларида товарнинг якуний нархини кўрсатиш мажбурий бўлади

Жамият

image

Ўзбекистонда энди жисмоний шахсларга мўлжалланган кредит, муддатли тўлов, насия савдога оид ҳар қандай рекламада товарнинг жорий қийматига нисбатан қанча сумма қўшиб тўланиши кераклиги ҳамда якуний қиймати қанча бўлиши очиқ айтилиши шарт бўлади. Бу ҳақда Президентнинг кеча, 15 июль куни қабул қилинган “Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Хужжатда бир қатор турли масалалар билан бирга, реклама соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳам келтириб ўтилган бўлиб, бу ўз навбатида насия савдоси, микро қарз ва кредитга оид муносабатларда рекламадаги маълумотларнинг номутаносиб келиши ёки яширилишини олди олинмоқда.

Қарорда белгиланишича, 2026 йил 1 сентябрга қадар жисмоний шахсларга мўлжалланган кредит, насия ва муддатли тўлов рекламаларига нисбатан янги талаблар ишлаб чиқилади. Унга кўра, бундай рекламаларда товар ёки хизматнинг бошланғич нархи билан бирга, харидор умумий ҳисобда қанча маблағ тўлаши ва якуний нарх қанча бўлиши аниқ кўрсатилиши шарт бўлади. 

Шунингдек, банк ва бошқа молиявий хизматлар рекламасида, агар шартнома тузилгунга қадар аниқ белгилаб бўлмайдиган ҳолатлар мавжуд бўлса, келажакда муайян даромад ёки фойда кафолатланиши ҳақидаги ваъдаларни беришга йўл қўйилмайди. Бу молиявий хизматлар рекламасининг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган.

Президент қарорида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Марказий банк ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар мазкур ўзгаришларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши кераклиги белгиланди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур ҳужжатга биноан, Ўзбекистонда мобиль реклама, спам-қўнғироқлар ва SMS-хабарлар борасида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сезиларли даражада кучайтирилаётгани, шунингдек, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилаётгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг