Энди мактаблар олдида ҳам радар ўрнатилади
Жамият
−
20 Ноябрь 2023
5372Ўзбекистонда эндиликда йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида ҳам радар ўрнатилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 20 ноябрь куни имзолаган фармонида келтирилган.
Ҳужжат билан давлат раҳбарининг амалдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 190-сон қарорига ўзгартириш киритилган.
Унга кўра, энди йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида ҳамда йўл-транспорт ҳодисалар ўчоқларида белгиланган тезликни ошириш, пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларни аниқловчи махсус фото-видео қайд этиш воситалари ўрнатилади.
Қайд этилишича, бу “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Аҳамиятлиси шундаки, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар суммасининг 5 фоизи, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома олиш ва ўзгартириш учун йиғимларнинг 20 фоизи, камералар орқали қайд этилган қоидабузарлик учун жарималарнинг 25 фоизи мазкур жамғармага ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳудудида ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи жами 2,5 мингдан зиёд камера ва радарлар ўрнатилганини маълум қилган эди. Давлат раҳбарига кўра, радарлар сонининг оширилиши ва аҳоли яшаш жойларида ҳаракатланиш тезлиги 60 километр/соатга туширилиши ҳисобига мазкур ҳудудларда авариялар 30 фоизга камайган.