Ўзбекистонда қанча камера ва радарлар ўрнатилгани маълум қилинди
Жамият
−
12 Сентябрь 2023
7992Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 12 сентябрь куни йўл хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича долзарб масалалар юзасидан ўтказилган йиғилишда шаҳарларда йўлларни сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш вазифалари ободонлаштириш идоралари зиммасида экани қайд этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда масъул идоралар мазкур вазифаларни ўз вақтида амалга ошириши учун шаҳар ободонлаштириш бошқармаларини махсус техникалар билан жиҳозлаш, йўл бўйида дарахт экиш ишларини ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олиб ташкил этиш, экилган дарахтларни сифатли парвариш қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, йўл соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий техникаларни бошқара оладиган мутахассисларни тайёрлаш муҳимлиги таъкидланган. Бугунги кунга қадар ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи жами 2,5 мингдан зиёд камера ва радарлар ўрнатилиши ва аҳоли жойларида ҳаракатланиш 60 километр/соатга туширилиши ҳисобига мазкур ҳудудларда авариялар 30 фоизга камайгани маълум қилинган.
Мажлис давомида шу каби ишларни давом эттириш, “ақлли чорраҳа” ва “ақлли светофор” бошқарув тизимларини кенгроқ жорий қилиш зарурлиги айтиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилнинг ўтган 8 ойида 470 та маҳаллада ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига 410 миллиард сўм йўналтирилгани, 3 мингга яқин маҳалла йўлларига илк бор асфалт ётқизилиб, яна 2 мингта маҳалладаги тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилганлиги ҳақда хабар берилган эди.
LiveБарчаси