Энди китоб ўқиган маҳкумларнинг жазо муддати қисқаради
Жамият
−
04 Сентябрь 3030 2 дақиқа
Ўзбекистонда маҳкумлар ўқиган ҳар бир китоб учун уларнинг жазо муддати уч кунга қисқариши белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 сентябрь куни Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Қайд этилишича, қонун жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг оила ва жамиятдан узилиб қолишини олдини олиш, китоб ўқишини рағбатлантириш орқали қонунга итоаткор, маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига маҳкумларнинг жазони ўташ муддати улар тузалиш йўлига ўтгани муносабати билан қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, Жиноят кодекси жазони ўташ муддатини шахс тузалиш йўлига ўтгани муносабати билан қисқартиришни назарда тутувчи 74-1-модда билан тўлдирилмоқда.
Бунда маҳкумлар томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган, маҳкумларда тўғри маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиса ва ушбу китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланган тақдирда жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача Комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Ушбу норма фақат жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши назарда тутилган (умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлардан ташқари) шахсларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Қонунчиликка киритилаётган ушбу ўзгартиришлар бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 13,5 мингдан ортиқ маҳкумларга нисбатан татбиқ этилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил февраль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ушбу қонун лойиҳаси муҳокама этилгани ва биринчи ўқишда қабул қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси