Энди қурилиши тугалланган бинолар бошқарувчи ташкилотсиз қабул қилинмайди

Жамият

image

Бошқарувчи ташкилотга эга бўлмаган янги кўп қаватли турар жой бинолари фойдаланишга қабул қилинмайди. Бу Президентнинг 15 августдаги “Кўп қаватли уйларни бошқаришни янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

Унга кўра, қурувчи ташкилотлар қурилиши тугалланган уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни жалб қилиши керак. Амалдаги тартибда эса қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи 2 йилда қурувчи томонидан амалга оширилар эди. Унда қурувчининг ўзи бошқарув усулини танлаши ёки шартнома асосида бошқарув ташкилотини жалб қилиши мумкин бўларди.

Қарор билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига бошқарувчи ташкилот ёки уй бошқарувчисини алмаштиришга чекловлар белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилган.

Янги қонун лойиҳасида умумий йиғилишнинг уй-жойларни қуриш усули ва бошқарув органини танлаш тўғрисидаги қарори, агар бунинг учун биноларнинг барча мулкдорлари ёки уларнинг вакилларининг 50 фоиздан ортиғи овоз берган бўлса, қабул қилинган деб эътироф этилиши акс эттирилиши керак.

Шунингдек, қонунда кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ер участкалари учун барча уй-жой мулкдорлари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарор асосида қарз маблағлари, шу жумладан, кредитлар олиш имкониятини белгилаш таклиф этилмоқда. Ҳозирда бунинг учун уй эгаларининг 80 фоиздан ортиғи ёки уларнинг вакиллари овоз бериши керак бўлади.

Кўп қаватли уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, кўп қаватли уйни бошқариш усули жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланади. Бошқарув бевосита мулкдорлар, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи (шартнома асосида), шунингдек, уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот томонидан амалга оширилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

уй-жой бошқарувчи ташкилот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг