Қурилиш соҳасидаги айрим ходимлар маоши 3 карра оширилади
Жамият
−
14 Апрель 2170 2 дақиқа
Жорий йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистондаги қурилиш соҳасидаги айрим ходимлар маоши 3 карра оширилади. Бу ҳақда бугун, 14 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Қайд этилишича, ўтган йили қурилиш объектида лойиҳачи ва буюртмачиларнинг назоратчилари 42 мингта камчилик қайд этган, Қурилиш инспекцияси эса яна 250 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқлаган. Сабаб – лойиҳачи ҳамда буюртмачиларда муаллифлик ва техник назорат бўйича манфаатдорлик йўқ.
Шу боис, жорий йил 1 июндан бошлаб давлат буюртмачилари фаолияти тўлиқ КПИга боғланиши, ходимларнинг ойлиги 3 карра оширилиши белгиланган. Лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқиш учун объект қийматининг 5 фоизигача маблағ берилади, муаллифлик назорати учун эса алоҳида шартнома асосида тўлов қилинади.
Шу билан бирга, энди техник назорат ёки муаллифлик назоратчиси масъул бўлган объектда қўпол қоидабузарлик аниқланса, пудрат корхонаси билан бирга назоратчиларга ҳам қатъий чора кўриш зарурлиги қайд этилган. Лойиҳачининг “Шаффоф қурилиш”даги рейтинги ҳам пасайтирилади.
Ўтган йили 400 нафар қурилиш назоратчиси ёнкамера билан таъминланган, 1 минг 221 та ижтимоий ва инфратузилма объектига видеокузатув камералари ўрнатилган.
Эндиликда бюджетдан қуриладиган қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уй, йирик савдо ва саноат корхонаси, меҳмонхона, туризм объектлари қурилиши ҳам онлайн назорат камералари билан қамраб олинади.
Урбанизация қўмитасига шаҳарсозлик қоидаларини қўпол бузганлик бўйича молиявий санкция жорий қилиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.
Live
Барчаси