Android’ларда илова ўрнатиш қийинлашади
Технология
−
13:26 1128 2 дақиқа
Google Android операцион тизимида расмий Google Play Store’дан ташқари манбалардан мобиль иловалар ўрнатиш тартибини жиддий равишда кучайтирмоқчи. Бу ҳақда 18 август куни “Android Authority” хабар берди.
Маълум қилинишича, янги тартибда фойдаланувчи расмий дўкондан ташқари манбадан юкланган иловани ишга туширишдан олдин қурилмани қайта юклаши ва 24 соат кутишига тўғри келади. Бундай механизм зарарли дастурларни ижтимоий муҳандислик усуллари орқали тарқатаётган фирибгарларнинг фойдаланувчиларни шошилинч қарор қабул қилишга ундашининг олдини олишга қаратилган.
Google бу чорани банк маълумотларини ўғирлаш билан боғлиқ кибержиноятлар кўпайиб бораётгани билан изоҳламоқда. “Habr” портали экспертларига кўра, Android қурилмаларида зарарланиш ҳолатларининг 70 фоиздан ортиғи мессенжерлар ёки шубҳали сайтлар орқали юкланадиган ташқи APK файллари билан боғлиқ.
Қайд этилишича, 24 соатлик техник танаффус фойдаланувчига иловани ўрнатиш билан боғлиқ хавфларни қайта баҳолаш имконини беради. Шу билан бирга, Google Play Protect ҳимоя тизими юкланган файлни қўшимча равишда фон режимида текшириши мумкин.
Янги қоидалар фирибгарлик дастурларининг тарқалишини чеклаши кутилмоқда, бироқ расмий дўконлардан ташқарида корпоратив дастурларни тарқатадиган маҳаллий ишлаб чиқувчилар учун вақтинчалик ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин. Мутахассислар компанияларга дастурларни расмий дўконларга жойлаштириш ёки тасдиқланган корпоратив профиллардан фойдаланишни тавсия қилган.
Statcounter глобал статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда Android мобиль қурилмалар бозорининг 80 фоиздан ортиғини эгаллайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Android фойдаланувчилари янги жосус дастур ҳужумидан огоҳлантирилганди.
Live
Барчаси