Google Финляндиядаги ўрмонларни кесгани учун жиноий терговга тортилди
Олам
−
10:20 349 2 дақиқа
Финляндия полицияси Google компаниясининг маълумотлар маркази қурилиши учун ўрмонларни кесиши ва ерларни қуритиши билан боғлиқ эҳтимолий қонунбузилишлар юзасидан жиноий тергов бошлади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, Google’нинг “Tuike Finland” шуъба корхонаси мамлакат шимолидаги Муҳос шаҳрида маълумотлар маркази қурилиши режалаштирилган ҳудудда 330 гектар майдондаги ўрмонни кесиб, ерларни қуритган. Бироқ Финляндия қонунчилиги талаб қиладиган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ишлари якунланмаган бўлган.
Маълум қилинишича, қурилиш майдонида сувни чиқариш ва бошқариш билан боғлиқ айрим ноаниқликлар ҳамда камчиликлар аниқланган. Жиноий тергов доирасида айнан шу ҳолатлар ҳам ўрганилади.
Нашрнинг ёзишича, жорий ой бошида Финляндиянинг назорат органлари Google’га Муҳос ва ундан 100 километр жануби-шарқда жойлашган Отанмяки шаҳарларидаги қурилиш ишларини тўхтатишни буюрган. Компания ер майдонларида дарахтларни кесишдан олдин атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш талабларини бажармаган. Фаоллар Муҳосда 250 минг, Отанмякида эса 150 минг туп дарахт кесилганини билдирган.
Google компаниясининг Финляндиядаги раҳбари Антти Ярвинен ўрмонларни кесиш ҳолати учун узр сўраган. Бироқ у компания ўша вақтда қонунчиликни қандай тушунган бўлса, шунга мувофиқ ҳаракат қилганини таъкидлаган.
Финляндияда маълумотлар марказларини қуриш учун жами 145 та лойиҳа турли босқичларда кўриб чиқилмоқда. Улар орасида Google’нинг сунъий интеллект инфратузилмасига 13 миллиард евро сармоя киритиш режаси ҳам бор. Компания бу лойиҳани Европадаги энг йирик сармояси деб атаган.
Ҳодиса мамлакатда маълумотлар марказларининг маҳаллий аҳоли, атроф-муҳит ва энергия нархларига таъсири юзасидан баҳсларни кучайтирган. 93 мингдан ортиқ киши маълумотлар марказлари фаолиятини тартибга солиш ва табиатга етказилган зарар учун компенсация талаб қилувчи петицияни имзолаган.

Хельсинки университети профессори Жусси Кангашаржунинг фикрича, бундай марказлар маҳаллий аҳоли учун кам сонли иш ўринларини яратади, улардан келадиган иқтисодий фойда эса асосан халқаро компанияларнинг ўзига тегади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг саккизта штати сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи OpenAI компанияси устидан судга даъво киритгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси