Энди фақат экспортга ишлайдиган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилади
Жамият
−
16 Январь
1449Ўзбекистонда энди фақат экспортга ишлайдиган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши белгиланди. Бу ҳақда бугун, 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Билдирилишича, мамлакатдаги 22 та эркин иқтисодий зонада ишга тушган 589 та корхона ўтган йили 42 триллион сўмлик маҳсулот чиқарган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг бор-йўғи 16 фоизи юқори технологияли товарлар ҳисобланади. Маҳсулотларнинг атиги 18 фоизи ташқи бозорларга сотилган, 372 та корхона умуман экспорт қилмаган.
Шунингдек, эркин иқтисодий зоналардаги корхоналар киритган сармоясига қараб имтиёз олмоқда. Лекин бу маблағлар таннархни пасайтириш, экспортга чиқиш учун хизмат қилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, энди фақат экспортга ишлайдиган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши белгиланди. Ушбу зоналарда хорижий брендлар билан юқори қийматли, ташқи бозорларда талаби бор маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хорижий тажрибада ҳам бу ўзини оқлагани таъкидланди.
Қайд этилишича, бундай зонанинг биринчиси Наманганда ташкил қилиниб, тўқимачиликка ихтисослашади.
Иқтисодий комплекс раҳбарларига эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тизимни қайта кўриб чиқиб, уларни экспортга ихтисослаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Президент инвестиция лойиҳаларида маҳаллий компонентларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Бунинг ҳисобига жуда кўп янги иш ўринлари яратилиши, валюта тежалиши ва ёндош соҳалар ривожланиши кўрсатиб ўтилди.
Вилоят ҳокимларига ҳар ой тадбиркорлар билан ярмарка ўтказиб, ўзида янги-янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш топширилди. Ҳозир амалга оширилаётган 75 миллиард долларлик йирик инвестиция лойиҳаларининг 28 миллиард долларини маҳаллий маҳсулотлар орқали қоплаш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган.
Мутасаддиларга тармоқлар ва вилоят ҳокимлари билан биргаликда туман ва корхоналар кесимида 2025 йилда янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича дастур тайёрлаш топширилди.
Шу билан бирга, бу йил халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 5,2 миллиард долларлик ишлар бажарилиши режалаштирилган.
Видеоселекторда нвестицияларни ўзлаштиришда ҳалигача бюрократия кўплиги танқид қилинди. Шу муносабат билан Бош вазир бошчилигида молия институтлари билан ишлаш бўйича алоҳида Фавқулодда штаб ташкил қилиниши белгиланди. Штаб ҳар бир лойиҳани ичига кириб, аниқ ишларни амалга оширади, ҳар ҳафта лойиҳама-лойиҳа муҳокама ўтказади.
Жорий йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан 1,1 миллиард доллар, Ислом тараққиёт банки билан эса 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Мутасаддиларга ушбу 2 та халқаро банк билан яқиндан ишлаб, туманма-туман юриб, тадбиркорлар билан давлат кафолатисиз қилиш мумкин бўлган лойиҳаларни кўпайтириш топширилди. Уларга аниқ масъуллар бириктирилади, маблағ жалб қилишда тадбиркорларга кўмаклашилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 2024 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етгани, хорижий инвестиция 1,6 баробар ўсиб, 34,9 миллиард долларни ташкил қилгани, қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга тушгани, экспорт илк бор 27 миллиард долларга чиққани маълум қилинганди.
LiveБарчаси
Пезешкиён Тожикистонда профессор бўлди.
16 Январь
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь