Энди давлат компаниялари Президент рухсатисиз ҳомийлик билан шуғулланмайди
Жамият
−
24 Ноябрь 2025 3888 2 дақиқа
Эндиликда Ўзбекистонда давлат компаниялари Президент рухсатисиз ҳомийлик билан шуғуллана олмайди. Бу ҳақда Президентнинг жорий йил 18 ноябрь куни имзоланган “Давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида келтирилган.
Қайд этилишича, мазкур фармойишни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад этиб 2026 йилда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган давлат корхоналарида маҳсулот таннархини камайтириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш белгиланган.
Ҳужжатнинг 9-бандига кўра, давлат корхоналари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларидан ташқари бошқа ҳолларда ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишни тўхтатади.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан бошлаб “UzAssets” АЖ бошқарувидаги стратегик йирик давлат корхоналарида:
- Бухгалтерия ҳисобини юритиш ахборот тизимида молиявий режалаштириш, харидлар, шартномалар ижроси, ғазначилик тўловлари, савдо операциялари ва комплаенс назорат қилиш имкониятини берадиган “Ягона ғазначилик” ахборот тизими жорий этилади. Бунда “Ягона ғазначилик” ахборот тизими орқали мазкур корхона ва уларнинг тизимидаги корхоналарнинг барча даромад ва харажатлари марказлашган ҳолда амалга оширилади;
- ишлаб чиқариш ва молиявий оқимлар, таннарх, инвестиция ва кредитлар тўғрисидаги маълумотларни онлайн таҳлил қилиш ҳамда бизнес-режа ижросини назорат қилиш имконини берувчи “Молиявий модель” электрон дастури ишга туширилади;
- умумий хизмат кўрсатиш марказлари (Shared Service Centers) фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали ёрдамчи хизматлар ва функциялар (харидлар, кадрлар, бухгалтерия, ахборот технологиялари, юридик хизматлар) марказлаштирилади;
- бизнес жараёнларини автоматлаштириш мақсадида Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, харид операторлари, давлат харидлари электрон тизимининг операторлари, электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирувчи операторлар, хизмат кўрсатувчи тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилишга рухсат берилади.
Маълумот учун, UzAssets портфелида Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийуран”, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзметкомбинат”, “Ўзнефтегаз”, Ўзбеккўмир, UzAuto Motors, “Ўзкимёсаноат”, “Навоийазот”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзтрансгаз”, UzGasTrade, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзбекистон почтаси”, “Ўзбекистон темир йўллари”, Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports, “Тошшаҳартрансхизмат”, “Ўзбектелеком” АК ва 9 та давлат банки мавжуд.
Live
Барчаси