Энди давлат иштирокидаги корхона раҳбарлари танлов асосида тайинланади
Жамият
−
29 Март 2023
7155Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан давлат иштирокидаги корхона раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш танлов асосида амалга оширилади. Бу бўйича жорий йилнинг 24 март куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2023 йил 1 майдан:
- республика мулки бўлган давлат кўчмас мулклари ва давлат акция пакетлари (улушлари) Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади, бундан Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли улушлар ҳамда Президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
- давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар Давактив агентлигининг тегишли буйруғи мавжуд бўлганда давлат рўйхатидан ўтказилади;
- давлат кўчмас мулк объекти ва бўш ер участкалари негизида амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар битими тузилгач, 10 кун муддатда “Давлат мулки” ахборот тизимига киритилади;
- вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кўчмас мулки негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва уларни бегоналаштириш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар ва улар тизимидаги корхоналарга учинчи шахслар томонидан инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар) бўйича мажбурий тартибда Агентлик хулосаси олинади.
2023 йил 1 июлдан:
- давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) танлов асосида амалга оширилади, бундан Президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
- давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларидан ходимлар учун белгиланган меъёрдан келиб чиқиб, самарали фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, давлат активлари, уларни бошқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилишнинг қуйидаги янги тизими жорий қилинади:
- давлат кўчмас мулк объектлари, давлат улуши, давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари ҳамда уларга тегишли автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар Агентлик расмий веб-сайтида реал вақт режимида эълон қилинади.
2023 йил 1 октябргача “Давлат мулки объектлари билан савдоларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш портали” яратилади. Унда барча давлат мулки объектларини савдога чиқариш ва унинг натижалари тўғрисидаги ахборотлар жойлаштирилади ҳамда ушбу тизим солиқ органларининг ахборот тизимига интеграция қилинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь