Энди биринчи марта қоида бузган тадбиркорлар кечирилади
Жамият
−
18:52 484 2 дақиқа
2027 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорларга молиявий жарима қўллашда “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 27 августидаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–175-сонли Президент фармонида белгиланган.
Фармонга кўра, 2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент сифатида ўрта ва йирик тадбиркорлар томонидан ўз фаолиятини аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ва тўлаш бўйича ташаббус тарзидаги аудитдан ўтказиш ҳамда аудиторлик хулосасини солиқ органи томонидан тан олиш механизми жорий этилади.
Бунда:
- аудит ўтказилган давр учун солиқ органлари томонидан солиқ аудити ўтказилмайди;
- аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун муддатда бартараф этилганда тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланмайди;
- мазкур эксперимент доирасида аудит ўтказиши мумкин бўлган ташкилотлар реестри Солиқ қўмитаси томонидан юритилади ва расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади;
- аудиторлик хулосасини тан олиш оқибатида тўланмай қолган солиқ ва йиғимлар аниқланган ҳолатлар бўйича аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 1 йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади. Камерал солиқ текшируви эса бундан мустасно.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллашда “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади.
Унга кўра, биринчи марта қоида бузган, бироқ фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгаларнинг мулкига зарар етказмаган тадбиркорларга жарима қўлланмайди. Уларга дастлаб камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий жорий этилиши ва жорий йил 31 декабргача кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси