Кичик бизнесни текширишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди
Жамият
−
18:30 590 2 дақиқа
Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий жорий этилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 27 августидаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–175-сонли Президент фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий эълон қилинади. Бироқ айрим текширувлар бундан мустасно.
Жумладан, жиноят иши доирасида, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш (қайтариш) ҳамда тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишларга мораторий татбиқ этилмайди.
Мораторий амал қилиш даврида кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман томонидан “Самарали назорат” тадбири ўтказилади.
Тадбир доирасида назорат органларининг охирги 3 йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқилади.
Ўрганиш якунлари бўйича назорат органлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар бўйича ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрилади.
Шунингдек, текширув ўтказиш тартиби бузилган ҳамда ноқонуний текширувлар аниқланган ҳолларда фаолияти текширилган тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 август куни Президентнинг Хивада бўлиб ўтган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида биринчи марта Ўзбекистонда кичик бизнесда инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текшириш учун уч йил муддатга мораторий эълон қилиниши ҳақида сўз борган эди.
Live
Барчаси