Энди айрим талаба қизларга махсус стипендия тўланади

Жамият

image

Энди Ўзбекистонда “қизил” тоифага киритилган оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқиган талаба қизларига махсус стипендия тўланади. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 май куни қабул қилинган “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.

Фармонга кўра, жорий йил 1 июндан “қизил” тоифага киритилган оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқиган талаба қизларига базавий стипендиянинг 2 баравари миқдоридаги (1 млн 35 минг 760 сўм) махсус стипендия тўланади.

Шунингдек, жорий йил 1 сентябрдан умумий ўрта таълим муассасасининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болалар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида камбағал оилалар фарзандлари учун алоҳида квота ажратилади ва улар ота-оналар тўловидан озод этилади.

2026 йил 1 январдан камбағал оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Камбағал оилалар реестри ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилишини мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур фармон билан жорий йил 15 майдан Ўзбекистонда Камбағал оилалар реестрига киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи бўлган оилалар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга тақсимланиши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

камбағал оила махсус стипендия талаба қизлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг