Энди автомобилларнинг маълум вақтда автобуслар йўлагида ҳаракатланиши қоидабузарлик бўлмайди
Жамият
−
16 Май 5807 2 дақиқа
Энди автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни “А” ҳарфли тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг соат 23:00 дан 06:00 га қадар ҳаракатланиши қоидабузарлик ҳисобланмайди. Бу Президент топшириғига асосан қабул қилинган ҳукумат қарорида белгиланган.
Қарор имзоланган кундан бошлаб қатор енгилликлар жорий қилинади.
Хусусан, соат 23:00 дан 06:00 га қадар йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилди.
Автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни “А” ҳарфли тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ҳозирда тақиқланган. Соат 23:00 дан бошлаб деярли барча автобус йўналишлари ўз ишини тугатишини ҳисобга олиб ҳамда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида бошқа транспорт воситаларининг тунги пайтда, соат 6:00 га қадар ушбу тасмаларда ҳаракатланиши мумкин бўлади ва бу қоидабузарлик ҳисобланмайди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қарор билан жорий йил 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмаслиги белгиланганди. Тўхташ чизиғи – “стоп-линия” (5.33 йўл белгиси) бундан мустасно.
Қарорга кўра, 1 июндан бошлаб шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмайди.
Шунингдек, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобиль радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда “Радар” йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий бўлади.
Live
Барчаси