Энди ҳайдовчилар жарима балларини онлайн кўриб туриши мумкин

Жамият

image

Эндиликда содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима баллари тўғрисидаги маълумотни my.gov.uz портали орқали онлайн олиш мумкин. Бу ҳақда порталнинг расмий саҳифаларида маълум қилинди.

Маълумотда тўпланган жарима бали, қабул қилинган қарор рақами ва санаси, жарима балл учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг асос бўлувчи моддаси ва банди келтирилади.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6 май куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарори билан Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий йил 1 июндан кучга кирди. Қарорга мувофиқ, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган жарималар асосида, автоматлаштирилган тартибда инсон омилисиз E-jarima модули орқали ҳисоблаб борилади.

Автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш мосламалари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилмайди. Бу масала камералар қайд этган қоидабузарлик вақтида автомобил рулидаги шахсни идентификация қилиш имконияти яратилганидан кейин кўриб чиқилади – Ички ишлар вазирлиги ҳукуматга бу борада хулоса киритиши керак.

Шунингдек, 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди. Ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.

Ҳайдовчининг ҳисобидаги жарима баллари 12 ой ичида 12 баллга етиб қолса, тегишли ҳужжатлар судга инсон омилисиз, автоматик юборилади ва ҳайдовчи SMS орқали хабардор қилинади. Суд бундай ҳайдовчиларни 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этади.

Эслатиб ўтамиз, 20 март куни ҳукуматнинг йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолашга оид “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинган. Қарор муҳокамаси жорий йил 4 апрелгача давом этиши, 1 майдан эътиборан кучга кириши белгиланганди. Бироқ Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати жарима балларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат белгиланган тартибда ишлаб чиқилаётгани, шу боис жарима баллари 1 май кунидан бошлаб кучга кирмаслигини билдирди. Ҳукумат қарори билан бу тартиб 1 июндан кучга кирди.


Мақола муаллифи

Теглар

йўл қоидаси жарима баллари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг