Энди амалдорлар хизмат автомобилини 5 йилсиз ўзгартиролмайди

Жамият

image

Ўзбекистонда Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат авторанспортларни классига қараб бириктириш нормативлари белгиланмоқда. Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу ҳақда бугун, 18 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Баҳром Бурхониддинов маълум қилди. 

Унинг қайд этишича, энди раҳбар-ходимларига хизмат машинасини классига қараб бириктириш жорий қилинади

Маълумки, бир неча ойлардан буён давлат харидлари, мансабдорларнинг қиммат автомобилларни харид қилиши масаласи оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур жараёнларни таҳлил қилиб боришда қандай  позицияга эга? Ушбу саволга Бурхониддинов қуйидагича жавоб берди: 

“Қиммат автомашина харид қилган туман ҳокими ёки бошқа амалдорлар билан алоҳида шуғуллунсак, ҳар бир вазиятни алоҳида ўргансак, кўзланган мақсадга ета олмаймиз. Яъни сабаблар билан эмас, оқибатлар билан курашаётган бўлиб қоламиз .

Шундан келиб чиққан ҳолда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасида айнан мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш режалаштирилмоқда”.

Коррупцияга қарши кураш фаолининг сўзларига кўра, Президент қарори лойиҳаси билан Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат авторанспортларини классига қараб бириктириш нормативлари (энг юқори нархлари) белгиланади.

Жумладан: 

•    туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1200 баравари (267 млн 600 минг сўм);

•    давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 млн 100 минг сўм)дан ошмаслиги керак бўлади. 

Қарор лойиҳасида, шунингдек, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилиши белгиланмоқда. Бунда автотранспортнинг техник ҳолати, ундан фойдаланиш хавфсизлиги, шунингдек, янгисига алмаштиришнинг иқтисодий мақсади инобатга олиниши лозим бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Баҳолаганлар

204

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг