3,1 млрд сўмлик давлат харидлари қонунчиликка зид тарзда ўтказилгани аниқланди
3-саҳифа
−
24 Сентябрь
18532024 йилнинг август-сентябрь ойларида ҳокимлик, ташкилот ва корхоналар томонидан 11 давлат харидида қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, агентлик томонидан жорий йилнинг август-сентябрь ойларида давлат буюртмачилари томонидан жами 3,1 млрд сўмлик 11 та давлат харидида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Жумладан, қуйидаги давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган:
- Нарпай туман Тиббиёт бирлашмасининг 673 млн сўмлик;
- Шуманай тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг 343 млн сўмлик;
- Каттақўрғон туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 215 млн сўмлик;
- Олтинсой тумани ҳокимлигининг 193 млн сўмлик;
- Қумқўрғон тумани 2-сон касб-ҳунар мактабининг 115 млн сўмлик;
- Бухоро давлат педагогика институти ҳузуридаги Академик лицейининг 56 млн сўмлик давлат харидлари.
Ушбу ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисидаги” қонуннинг 10,14,20,46-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартибномаларни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 276-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг қатор талабларида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Шунингдек, “Қамчиқавтойўл ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси” давлат муассасаси буюртмачилигида ўтказилган 1,5 млрд сўмлик давлат харидида ўзаро аффилланган шахслар иштирок этишига йўл қўйилган.
Мазкур ҳолатда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10,14,20,23,42,46-моддалари талаблари бузилган.
Билдирилишича, агентликнинг тақдимномаларига асосан харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, мазкур давлат харидларининг қонунга хилоф равишда ўтказилишининг олди олинган. Шунингдек, ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 10 млрд сўмдан ортиқ давлат харидлари қонунчиликка зид тарзда ўтказилишининг олди олингани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь